Халқимиз дардига дармон нажот фаришталари

03.04.2020, 15:54

Халқимиз дардига дармон нажот фаришталари
Бугунги кунда инсоният жуда катта эпидемияни бошидан ўтказмоқда. Коронавирус инфекцияси 200 га яқин давлатда аниқланиб, ер юзидаги барча тиббиёт ходимларини фавқулодда иш тартибига ўтказди.
 
Афсуски, бу касаллик бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Аммо Ўзбекистон ҳудудида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукумат қарори билан юртимизда ҳам чеклов чоралари жорий этилган.
 
20 март куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат сифатида эпидемияни бартараф этиш ва юртимизда иқтисодий фаровонликни сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
 
Бундай синовли кунларда, албатта, ҳар қандай инсон шифокорларга суянади. Шундан келиб чиқиб, фарғоналик тиббиёт ходимлари ҳам оғир ва синовли кунларда халқимизга бор куч ва имкониятларини ишга солиб, беминнат хизмат қилмоқда.
 
Фарғона вилояти ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ва 60 мингдан зиёд соҳа ходимлари тунни тун, кундузни кундуз демай ишламоқда.
 
Чартер рейслари орқали эндемик ҳудудлардан келган фуқаролар
 
аввалдан тайёрлаб қўйилган сиҳатгоҳларда 14 кунлик карантинга олинган бўлса, ҳозирги кунда вилоят бўйича 3 минг нафарга яқин фуқаролар яшаш хонадонларида карантин муддатини ўтамоқда.
 
Малакали тиббиёт ходимлари уларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиб бормоқда. Улар ётган сиҳатгоҳларда барча зарур шарт-шароит яратиб берилган, бепул озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Бу ерда биринчи ёрдам учун зарур бўладиган дори-дармон воситалари захираси етарли.
 
Ҳар бир карантин муассасасида вилоятнинг энг малакали тиббиёт ходимлари, хусусан, эпидемилог, инфекционист ва реаниматологлар туну кун фаолият кўрсатяпти.
 
Мен ҳам шундай синовли кунларда ҳам шифокор, ҳам раҳбар ва маҳаллий Кенгаш депутати сифатида халқимиз билан қалбан бирга эканимдан фахрланаман.
 
Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиника жамоаси ҳам ҳамжиҳат бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси белгилаб берган мезонлар асосида иш юритмоқда.
 
Уй карантинига олинган шахсларнинг ҳолати бир кунда икки маротабадан назорат қилиб турилибди. Шунингдек, аҳоли орасида коронавирус инфекциясининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари масофадан ва онлайн тарзда олиб бориляпти.
 
Бир сўз билан айтганда, фарғоналик фидойи тиббиётчилар касаллик аниқланган ва карантинга олинган шахсларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб, синовли кунларда жасорат билан меҳнат қилмоқда.
 
Фуқаролар эса карантин талабларига тўлиқ риоя этиб, тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсияларга сўзсиз риоя қилишса, албатта, бу синовлардан эсон-омон ўтамиз.
 
Шаҳноза СИДДИҚОВА,
 
Фарғона шаҳридаги 2–оилавий
 
поликлиника бош шифокори, 
 
халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши
 
O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси
  • Кўрилди
    592
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+