Карантин озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини келтириб чиқармайди

03.04.2020, 15:59

Карантин озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини келтириб чиқармайди

Барчамизга маълумки, бугун бутун дунё ҳамжамияти коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Хусусан, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ҳам уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Тарғибот-ташвиқот ишлари давом этмоқда. Ушбу синовли кунларни енгиш учун барча соҳа вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқда. Аммо айрим юртдошларимизда “энди озиқ-овқат танқислиги келиб чиқади” деган нотўғри хаёл бор. Бир нарсани таъкидлашни истардим: бу борада асло ташвишланишга ўрин йўқ!

Айни пайтда фермерларимиз, томорқа ер эгаларимиз ер майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонининг тўкин ва файзли бўлиши ва албатта иқтисодиётимиз барқарорлиги йўлида меҳнат қилмоқдалар. Улар кўкламнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланишни биладилар. Деҳқончилик маҳсулотларини ўз вақтида экиш, парваришлаш, ишлов бериш ва баракали ҳосил олишнинг ҳадисини олганлар.

Тўғри, ижтимоий тармоқларда айни вазиятда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб, уларнинг тақчиллиги юзага келиши тўғрисидаги асоссиз ҳолатларни кўряпмиз. Бу борада ички бозорларимизда, савдо шоҳобчаларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, ҳокимликлар, тегишли мутасаддилар билан ўрганиш ишларини олиб бордик. Очиғи, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий ошириб олганлик ҳолатларига ҳам дуч келдик. Тегишли чоралар кўрилиши билан бундай салбий ҳолатларга чек қўйиляпти. Масалан, биргина Уйчи туманидаги ўрганишларни келтирайлик. Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича бозорлар ва савдо дўконларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг сунъий ўсишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган мазкур ўрганишлар натижасида сотув тадбирлари тартиб билан йўлга қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Туман “Деҳқон бозори”да картошка 4000 сўм, пиёз 2000 сўм, сабзи 1000 сўмдан сотиляпти,  марказдаги “Макро” супермаркетида ҳам нархлар деярли бир хил. Тумандаги мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинган. Ўрганишлар давомида шуни билдикки, фуқароларда ортиқча хавотир йўқ, айни вазиятни тўғри баҳолашяпти, онгли равишда эҳтиёжларига яраша маҳсулотларни харид қилишяпти.

Аммо беш қўл баробар эмас. Айрим вазиятни нотўғри талқин этиб, юртдошларимизни бу борада саросима, ваҳимага солаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундан не наф? Кимга фойда? Мамлакатимизда мазкур йўналишда импорт ва экспорт ишлари доимгидай давлм этмоқда. Республиканинг озиқ-овқат заҳираси етарли бўлгани учун ҳам карантинни бошидан кечираётган қўшни давлатларга озиқ-овқат. қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари беминнат ёрдам сифатида тонналаб юбориляпти, хайрия тадбирлари амалга ошириляпти. Агар бизда бу борада танқислик бўлса, давлатимиз ўзга халқлар “қорнини” ўйлармиди, ўйлаб кўриб, хулоса қилингда юртдош!

Муҳтасар айтганда, фуқароларимиз таҳликага тушмасликлари лозим. Хадемай яна янги маҳсулотлар бозорларимизни тўлдиради. Қаранг, фермеру деҳқонларимиз сизу биз учун меҳнат қилмоқдалар...

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хӯжалиги

масалалари қӯмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    677
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+