Зарур пайтда узатилган ёрдам қўлини қадрлаймиз

04.04.2020, 12:08

Зарур пайтда узатилган ёрдам қўлини қадрлаймиз

Давлатимиз раҳбарининг бирорта ҳам тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, деган фикри миллионлар қалбини ёритди.

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир вазият ҳукм сурмоқда.

Мана шундай синовли кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқни якдилликка чорлаб, бирлаштира олгани одамлар кўнглига катта таскин бермоқда.

Инфекция тарқалиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган қатъий ва кескин чоралар кўрилиб, уларни амалда таъминлаш тизими яратилди. Бу жараёнда аҳолининг қийналиб қолмаслиги, зарур озиқ-овқат, дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таъминлаш чоралари кўриляпди. Шу мақсадда махсус фонд ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистонда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас. АҚШнинг нуфузли нашрларидан бири — «The Diplomat» Марказий Осиёда коронавирусга қарши қандай курашилаётгани ҳақида эълон қилган мақоласида Ўзбекистон танлаган йўл муваффақиятли экани алоҳида таъкидланган.

Давлатимиз раҳбарининг ҳозирги вазиятда ҳеч бир соҳани эътибордан четда қолдирмаётгани, карантин туфайли талофат кўриши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус кўрсатмалар бераётгани эса алоҳида диққатга сазовор. Чунки, сир эмас, карантин туфайли кўплаб тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатгани оддий ҳол эмас. Бунинг орқасидан минглаб тадбиркорларнинг молиявий аҳволи оғирлашиши турган гап. Ахир юртимизда аҳолининг асосий қисми кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланади.

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари бирорта ҳам тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, деган фикрни айтганлари миллионлар қалбини ёритиб юборди.

Аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига мажлисда яна бир бор эътибор қаратилди.

Бу борада деҳқон бозори ва улардаги “Элга хизмат” корхонасини жалб этиб, маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдони йўлга қўйиш чоралари бўйича тўхтаб ўтилди.

Шу ўринда айнан шу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркор сифатида мен бундай тартиб ҳозирги шароитда жуда зарурлигини айтиб ўтмоқчиман. Чунки инфекция тарқалмаслиги учун одамларга уйда қолиш қанчалик кўп тавсия қилинмасин, кундалик эҳтиёж уларни бозорга боришга барибир мажбур қилаётганидан кўз юма олмаймиз. Маҳаллаларда кўчма савдолар ташкил этилиши эса бу жараёнга чек қўяди. Наманган вилояти Поп тумани “Барака” деҳқон бозори ҳам бундан буён шундай талаблар асосида фаолият олиб боради.

Яна шуни эътироф этиш керакки, куни кеча давлатимиз раҳбари имзолаган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​» фармон ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Фармон билан кредитлар бўйича тўловларни 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш, амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик белгиланди.

Бу эса кредит олган, аммо ҳозирги вазиятда мушкул аҳволга тушган кишилар учун жуда катта ҳимоя яратди. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўраётган тадбирлари биз тадбиркорлар учун жуда катта эътибор ва далда бўлди. Ҳозир қанчалик қийин бўлмасин, биз бор имкониятларимизни ишга солиб, синовли кунларни енгиб ўтиш йўлида халқимизнинг ёнида турамиз. Зарур пайтда узатилган ёрдам қўлини эса қадрлаймиз.

Сардор РАҲМОНОВ,

Халқ депутатлари Наманган

вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    1036
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+