Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ғамхўрлигидан четда қолмайди!

04.04.2020, 12:20

Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ғамхўрлигидан четда қолмайди!

Ўзбекистон бугунги кунда кутилмаган чақириқлар олдида турганлигини ҳар бир фуқаро ич-ичидан ҳис этиб турибди. Давлатимиз раҳбари, ҳукумат ва ҳар бир ҳукумат аъзоси, парламент бу чақириқларни енгиб ўтиш ва аҳолини эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида бор имкониятларни ишга солмоқда. Айниқса, эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Айни пайтда Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди. Шунингдек, Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади. Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу ишлар яна давом эттирилмоқда. Бундай шароитда жамиятимизнинг барча қатламлари бирлиги, ҳамжиҳатлиги, карантин шароити талабларини сўзсиз адо этишлигимиз ҳал қилувчи роль ўйнайди, десак муболаға бўлмайди. Шу билан бирга, карантин шароитида иқтисодиётимизга салбий таъсирни юмшатиш, бизнесни ва тадбиркорларни, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида жуда зарурий ва ўз вақтидаги чораларни ўз ичига олган қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжат – “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат билан бизнес ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилмоқда. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади. Шу билан бирга тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. 

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шуки, у билан аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Энг муҳими, ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Умуман олганда, бугун давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда коронавирус тарқаб кетмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу белгиланган чораларнинг айримлари холос. Энди шу синовли дамларда ҳар биримиз, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб, бу офатдан халқимизни асрашга жиддий ҳаракат қилишимиз керак.  

Шухрат Шарафутдинов

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    669
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+