Карантин даврида тадбиркор давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўламайди!

04.04.2020, 15:07

Карантин даврида тадбиркор давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўламайди!

Бу муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 апрелида қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида қатъий белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизга коронавирус пандемияси хавфи соя солиб турган айни вазиятда иқтисодиётда ҳам инқироз бўлиши ижтимоий тармоқларда муҳокамага айланиб улгурди. Бироқ муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бу борада ўтаётган синовли паллаларда ҳам етарли имкониятлар яратиб берилаётир. Жумладан, юқоридаги Фармонда ҳам республика иқтисодиётида муаммолар юзага келмаслиги юзасидан муҳим бандлар белгиланганлиги бунинг исботидир. Бугун тан олишимиз керак, битта корхонанинг ўзи қанча иш ўринларини таъминлаяпти, қанча оилаларнинг асосий даромад манбаига айланган, фаолиятининг тўхташи эса ана шу оилаларда, юртдошларимизда энг долзарб муаммоларни келтириб чиқармайдими? Айниқса, тадбиркор бу вақтда солиқ тўловларида қийналмайдими? Хўш, бунинг ечими қандай бўлади? Давлатимиз раҳбари айни саволларга тўла жавоб бердилар. Хусусан, мазкур меъёрий ҳужжат асосида карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган, айтайлик, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши белгиланди.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Сир эмас, давлат мулкларидан ижара сифатида фойдаланадиган тадбиркорлик субъектлари исталганча топилади. Карантин пайтида уларнинг ҳам фаолиятлари тўхтатилган тақдирда мазкур даврда ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади. Бу Фармонда қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолияти умуман тўхтамаслиги, бунинг кўмакдоши, назоратчиси сифатида уларга Президент маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик, идора ва  банклар бириктирилиши белгиланди. Демак, иқтисодиётда барқарорлик сақлаб қолинади. Туман ва шаҳар секторлари раҳбарларининг ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам иш ташкил қилиши, карантин даврида дуч келаётган муаммоларини бартараф қилишга кўмаклашиши ҳам давлатимиз раҳбари Фармонида кўрсатилиб, айни вақтда ижроси долзарб топшириққа айланди. Эндиликда бу синовли вазиятда тадбиркорлар муаммоси ечими учун хали у мутасаддининг, хали бу мутасаддининг ташкилотига югурмайди. Энди уларга бириктирилган раҳбарлар корхоналарга инфратузилма ва хомашё таъминоти, маҳсулот ва ишчиларни ташиш, солиқ, кредит, божхона масалаларида амалий ёрдам берадилар.

Қаранг, Президентимиз қанча имкониятларни яратдилар. Айтганларимизни халқ тили билан ифодалаганда, хамир учидан патир холос. Машаққатли палладамиз. Аввало, тадбиркорлардан мадад кутишимиз бор гап. Халқ дастурхони, моддий таъминоти ишбилармонларимиз, фермерларимиз томонидан тайёрланаётган, етиштирилаётган маҳсулотларга боғлиқ. Аслида бугунги синовли вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёзлар, қулайликлар замирида ҳам халқимиз манфаатлари мужассамлигини унутмаслигимиз зарур.

Халқимиз оғир синовли даврни бошидан кечиряпти. Жумладан, тадбиркорларимиз ҳам. Уларни машаққатли паллада ҳам қўллаб-қувватлаш ишини юқоридаги Фармон билан муҳтарам Президентимиз бошлаб бердилар. Бу ташаббусларни биз долзарб вазифа деб қабул қилишимиз керак. Дастурхонимиз тўкинлиги, оиламиз хотиржамлиги, моддий таъминотимиз тўла бўлиши учун изланаётган, янги ташаббусларни илгари сураётган тадбиркорларимизга биргаликда қанот бўлайлик.

Жавлонбек Эргашев,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    805
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+