Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат

04.04.2020, 15:21

Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат

Айни пайтда бутун дунёда кечаётган ташвишли воқеалар ҳаммамизга яхши маълум. Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, пандемия дунё иқтисодиётига 2 триллион доллардан зиёд зарар етказиши кутилмоқда. Ҳамма жойда савдо алоқалари, кўплаб хизматлар тўхтаб қолган.

Шу боис мамлакатимизда ушбу инқироз иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилаётир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилмоқда. 

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз бу масалага алоҳида тўхталиб, корхоналарнинг изчил ишлашига кўмаклашиш, барча имконият ва захираларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, халқимизга яна бир бор мурожаат қилиб, ҳар бир фуқародан ўзини эҳтиёт қилишни сўради.

Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олингани, турли сабаблар билан хорижда бўлган салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, карантинда эканликлари, ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказиб берилганлиги, Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилаётганлиги, дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилганлиги ва албатта бундай ишлар ҳали давом этиши айтиб ўтилди.

Жорий йил 3 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон эса кўпчилик тадбиркорлар томонидан кутилган янгилик бўлди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, эндиликда карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Шу билан бирга қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилмоқда. Бу эса партиямиз электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар учун айни муддао бўлди. Энди улар берилган бу имтиёзлардан самарали фойдаланиб, иш жойларини сақлаб қолган ҳолда фаолиятини изчил давом эттиради.

Хулоса қилиб айтганда, бизнинг буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни енгиб ўтган. Бу синовдан ҳам янада жипслашиб, шифокорлар тавсияларига амал қилиб тезроқ енгиб ўтишига ишонаман.

Акшагул  ТУЛЕГЕНОВА,

Олий  Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP  фракцияси  аъзоси

  • Кўрилди
    720
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+