Фахриддин Саматов: "Сабоқ"

04.04.2020, 15:48

Фахриддин Саматов:

Яқинда ўқиб қолдим. 1665-1666 йилларда Лондонда ўлат тарқаганда Лондоннинг чорак қисми (25%) касалликдан қирилиб кетган. Ўлат тарқаган йили машҳур олим Исаак Ньютон Кембрижнинг Тринитий коллежида 22 ёшли оддий талаба бўлган эди. Ўша пайтда ҳам ҳукумат эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун одамларни оммавий йиғилишини чеклаган. Кембриж университети ҳам талабаларни уйига жўнатган ва талабалар уйида мустақил ўқишни давом эттирган.

Ньютон оиласининг Вулсторп мулкида жойлашган уйига қайтган ва 1 йилдан ортиқроқ давр мобайнида ўқитувчиларнинг ёрдамисиз ушбу уйда мустақил таҳсил олишни давом эттирган. Ньютон уйида ўқиган айнан шу йил кейинчалик унинг “мўъжизалар йили” деган ном олган. Чунки, Ньютон айнан шу даврда, уйида мустақил ўрганиш давомида энг машҳур назарияларини яратган экан.

Шуларни ўқигач, Имом Ғаззолийнинг “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир” деган ҳикмати ёдимга тушди.

Бугун аслида ҳар бир ишда бир хайр, ҳикмат борлигига яна бир бор амин бўлдик. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун эълон қилинган карантин бизга кўп нарсалардан сабоқ бериб қўйди. Кўпчилигимиз оиламиздан йироқлашганимизни фаҳмладик, ҳис қилдик. Фарзандларимизга сабоқ берган устозларнинг, саломатлигимизни асрашга бел боғлаган шифокорларнинг қадрини янада яхшироқ англадик. Ваҳоланки, бироз аввал биз уларнинг фарзандимизга берган танбеҳига ёки жароҳатимизни енгиллаштиришга уринган ҳаракатига жавобан бу касб эгаларинг ёқасидан олишгача боргандик.

Қоидаларга келсак, бутун бошли давлат учун фавқулотда ҳолат даврини эълон қилиш бу ҳазил эмас. Демак, фуқаролар ҳам бунга жиддий муносабатда бўлишлари шарт. Бундай вазиятда “Қирқ йил қирон келса, ажали етган ўлади” деб бепарволикка берилиш ҳам, қоидаларга, гигиенага амал қилмай, ўз-ўзига жабр қилиш ҳам нотўғри. Боиси, бу ерда энг катта бойлигимиз — бизнинг, яқинларимизнинг саломатлиги ҳақида гап кетаяпти. Норозилик кайфиятига берилмай, бунинг ўрнига биз учун жонфидо қилаётган шифокорлар, давлат органи ходимларига “Уйимизда ўтириб” кўмак беришимиз, карантин пайтида уйда фойдали машғулотлар билан банд бўлиб, ўз устимизда ишласак, балки Ньютон эришганидек муваффақиятнинг эшигини ўзимиз учун очган бўлармидик.

Фахриддин  САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

OzLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+