Давлат ўз таянчини янада мустаҳкамлади

04.04.2020, 19:37

Давлат ўз таянчини янада мустаҳкамлади

Карантин кўплаб тадбиркорлик субъектларининг даромади ва тушумига ўз таъсирини ўтказиб турган мураккаб вазиятда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 апрель куни имзолаган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бутун республикамиздаги тадбиркорларга катта кўмак бўлди.

Энг аввало, тушуми ўтган ойдан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер, мулк, сув солиғи, ижтимоий солиқни тўлаш муддатининг шу йил 1 октябрига қадар кечиктирилиши уларга берилган яна бир имтиёз бўлди. Шунингдек, айланма маблағи ойига 1 миллиарддан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун ҳам имтиёз берилди. Эндиликда улар жорий йил охирига қадар ҚҚСни ҳар ойда эмас, балки ҳар чоракда тўлашлари мумкин. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг 150 миллиард сўм маблағи ўзларида қолади дегани.

Яна фармонга кўра, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 150 минг якка тартибдаги тадбиркордан даромад ва ижтимоий солиқларни ундириш вақтинча тўхтатилиши, туристик фаолият билан шуғулланувчиларнинг ер ва мол-мулк солиқларидан озод этилиши, аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган 13 турдаги озиқ-овқат ва 7 турдаги гигиена воситаларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги каби қатор имтиёзлар ҳам белгиланди. Бу не-не машаққатлар билан ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорларнинг мушкулини осон қилади. Агар, Фармонда белгиланган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдалана олсак, Президентимиз таъкидлаганларидек, биз бу синовдан керакли тажриба орттириб, иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлиб чиқамиз. Шубҳасиз, узоқни кўра оладиган тадбиркорларимиз бу синовли кунларда давлатимиз ва жамиятимиз чақириғига муносиб жавоб қайтарадилар.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    635
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+