Синовли кунларда ҳеч бир тадбиркор ёлғизлатиб қўйилмайди (ВИДЕО)

05.04.2020, 18:09

Синовли кунларда ҳеч бир тадбиркор ёлғизлатиб қўйилмайди (ВИДЕО)

Айни пайтда бутун жаҳонни кўзга кўринмас бало, офат қаттиқ хавотирга солиб турибди. Коронавирус халқаро ҳамжамият билан чуқур интеграцияга киришмаган саноқли давлатлардагина қайд этилмади, холос. Кейинги йилларда дунёга очилиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон ҳам пандемиядан четда қолиши мумкин эмасди. Шу маънода мамлакатимизда бу хатарли иллатга қарши курашиш аввалдан, ҳали коронавирус чегараларимизни кесиб ўтмасидан бошланган эди. Кейинги қатъий чора-тадбирлар ҳам Президентимиз бошчилигида изчил амалга ошириб борилмоқда.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев чин юракдан куюниб, халқимизга яна бир марта мурожаат этди. Ушбу мурожаат, жумладан, парламент қуйи палатасидаги бизнинг партиямиз фракцияси аъзолари, O‘zLiDeP электорати бўлган юз минглаб тадбиркор ва ишбилармонлар, фермер ва томорқачиларга, айтиш мумкинки, жуда катта руҳий далда бўлди.

Президентимиз куни кеча имзолаган “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда ҳозирги қийин вазиятда ўта муҳим вазифалар белгиланди, 8 та йўналишда қиймати 20 трлн сўмдан ортиқ имтиёзлар берилди. Бу рақамлар ҳазилакам қамровга эга эмас. Давлатимиз раҳбари шундай оғир шароитда ҳам, аввало, халқимиз манфаати учун қайғуриш сиёсатида собитлигини яна бир карра намоён этди.

Айниқса, бундай синовли кунларда ҳеч бир тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, деган ваъдаси бизга қанот бағишлади. Жойларда тадбиркорлар муаммосига алоҳида ёндашиб, уларни ҳал қилишда “бевосита бошқарув” режимига ўтиш кераклиги уқтирилди. Муҳтарам Президентимиз ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидлади.

Қонунчилик палатаси депутатлари Президентимизнинг мурожаат ва фармони мазмун-моҳиятини замонавий ахборот ва алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали ўз ҳудудларидаги сайловчиларга етказмоқда. Жумладан, тадбиркорларга берилаётган имтиёзларни электоратимиз вакилларига батафсил тушунтириш ва амалга татбиқ этишда O‘zLiDePдан сайланган депутатларимиз фаол кўмакчи бўлишади.

Видеоселектор йиғилишида деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда фермер ва томорқачиларимизга ҳам руҳни тетик тутиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш бўйича зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Зотан, карантиндан кейин ҳам ҳаёт давом этади. Халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда эса аграр соҳанинг ўрни муҳимлиги кундек равшан. Коронавирус келтириб чиқарган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун ҳам бободеҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишлари жоиз.

Азиз юртдошларимиз, қадрли сайловчиларимизни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, заруратсиз кўчага чиқмасдан уйда ўтириб, оиласи ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғуришга чақирамиз. Иш жойида бўлишга мажбур ватандошларимиздан ҳам қатъий интизомни сақлаган ҳолда, гигиена ва санитария меъёрларига амал қилиш талаб этилади. Унутмайлик, давлатимиз ҳеч бир фуқарони, тадбиркорни ўз муаммоси билан ёлғиз қолдирмайди, синовли кунларда яккалатиб қўймайди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1442
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+