Бугун халқимиз масъулиятни ошириб, эҳтиёткор бўлишлари ҳар қачонгидан муҳим

06.04.2020, 17:00

Бугун халқимиз масъулиятни ошириб, эҳтиёткор бўлишлари ҳар қачонгидан муҳим

Юртимизда коронавирус касаллиги кенг тарқалишининг олдини олиш энг муҳим вазифалардан биридир. Бу долзарб масалани давлат аҳолининг кўмагисиз амалга ошира олмайди. Бунинг учун фуқароларимиз карантин талабларига қатъий амал қилишлари, амалдаги қонунларни ҳурмат қилган ҳолда, уларга риоя этишлари, шифокор ва мутахассислар тавсияларига амал қилишлари шарт.

Давлатимиз раҳбарининг коронавирус касаллигини юртимизда кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича халқимизга йўллаган мурожаатларида айтилган ҳар бир вазифа ва амалга оширилаётган тезкор чора тадбирлар, фақат ва фақат халқимиз саломатлиги, фарзандларимиз келажаги учундир.

Лекин айрим фуқароларимиз ҳанузгача карантин талабларини менсимасдан турли хил қонун бузилиши ҳолатлари содир этиб, ўз ҳаёти балки бошқа инсонлар ҳаётига ҳам хавф туғдирмоқда. Бугунги кунда хавотирга ўрин йўқ, менга юқмайди, деб бефарқ бўлиш нафақат кечириб бўлмас, балки халқ учун қилинган катта хиёнатдир.

2020 йилнинг 23 мартида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи Қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат орқали ҳар биримизнинг соғлиғимиз қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини тушуниб олишимиз мумкин бўлади.

Ушбу Қонунга мувофиқ, юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, Жиноят кодекси 2445-модда билан тўлдирилди ва санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.

Демак, бундан кўринадики, бугун фуқароларимиз масъулиятни ошириб, эҳтиёткор бўлишлари ҳар қачонгидан-да, муҳим.

Зеро, халқимиз олдида турган синовли давр ҳар биримизни эпидемия тарқалишининг олини олиш учун нима қила оламиз, деб уйлаб кўришни, янада масъулиятли бўлишни талаб қилади. Нафақат ўзимиз учун балки яқинларимиз, бутун жамият учун, жавобгарлигимизни ҳис қилишимиз шарт ва зарурдир.

Бугун нима қилишимиз керак? Катта қаҳрамонлик қилмоқчимисиз? Уйда оилангиз даврасида бўлиб, фарзандларингиз таълимига, уларнинг қизиқишларига эътибор қаратинг, ота онангиз билан суҳбатлашинг, келажакда амалга оширмоқчи бўлган ишларингиз, балки бизнесингиз ҳақида режалар тузинг. Мана бугунги кундаги қаҳрамонлигингиз.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бугун уйда қолиб, фарзандларимиз учун online мактаб, яъни тегишли телеканаллар орқали online дарсларнинг ташкил қилиниши масофавий таълимни жорий қилиш учун тажриба синов усули бўлмоқда.

Бинобарин, ҳозирги кунда талабалар ва ўқувчилар учун ташкил қилинган online дарслар талабаларни, айниқса, ўқувчиларимизни ота оналар кузатувида масофадан таълим олишлари, бу орқали ота оналарни фарзандларининг қизиқишларини ҳис қилишлари ва мана шу жиҳатларни рағбатлантириб, қўллаб қувватлашлари учун яна бир имкониятдир.

Умуман айтганда, ўзбек халқи сабрли, болажон ва меҳр оқибатли халқ. Қанчадан қанча синовли кунларда ўз иродасини намоён қилган ва бу орқали достон ва асарлар битилишига сабабчи бўлган халқимиз бугунги синовли кунларни ҳам, албатта, аҳилликда енгиб ўтади. Сизу биз учун қайғураётган давлат раҳбаримизни қўллаб қувватлаган ҳолда ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Уйда қолинг.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+