ЕОИИ билан ҳамкорлик инновацион фаолият ривожига қандай таъсир кўрсатади?

06.04.2020, 17:13

ЕОИИ билан ҳамкорлик инновацион фаолият ривожига қандай таъсир кўрсатади?

2014 йил 29 майда Қозоғистоннинг Астана шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари қуйидагича белгиланган:

- аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

- иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш;

- глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатдардошлигини ошириш.

Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги, унинг шакли тўғрисида қизғин муҳокама ва мунозаралар бўлмоқда. Мен масалага бу ҳамкорликнинг мамлакатимиздаги инновацион фаолият ривожига таъсири нуқтаи назаридан ёндашмоқчиман.Чунки бу ҳамкорлик илмий-техник ва инновацион фаолиятнинг асосий инфратузилмаларини аъзо мамлакатларнинг инновацион инфратузилмалари билан методологик ва норматив-ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлаштирилишини талаб этади.

Аввало шунга эътибор қаратиш керакки, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистондаги инновацион ишланмаларнинг молиялаштирилиши учун аъзо давлатлар ўртасида ўзаро венчур фондларни ташкил этиш имкониятини тақдим этади ва мамлакатда мавжуд бўлган венчур фондларининг самарали йўлга қўйилишига имкон яратади. Чунки, инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг асосий устунларидан бири бу — венчур фондларни ташкил этиш ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистонда венчур фондлар босқичма-босқич ривожлантириб борилмоқда. Бироқ инновацион фаолиятни молиялаштиришдаги юқори риск бизда ушбу молиялаштириш тизимининг тўлиқ йўлга қўйилишида асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

ЕОИИ аъзо давлатлар ўртасида кооперация ва кластерларни шаклланиши ҳам илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга оширишга салмоқли таъсирини кўрсатади. Хусусан, кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, олий таълим муассасалариаро талабаларнинг мобиллиги ортиши, ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот фаолиятнинг олиб борилишида ўзининг ижобий самарасини беради. Шунингдек, ЕОИИга аъзо давлатларидаги кластерлар сиёсатини Ўзбекистонда татбиқ этилишига туртки бўлади. Шу боис, илмий-тадқиқот фаолияти жадаллашади, хусусий секторнинг илмий-тадқиқот фаолиятни молиялаштиришдаги улуши ортади, инновацион маҳсулотлар кўлами кенгаяди. Саноат кооперациялари эса, аъзо давлатлар ўртасида технологиялар трансферининг жадал тарзда йўлга қўйилишига асос бўлади.

Шунингдек, ҳамкорликнинг Ўзбекистон инновацион фаолиятини ривожланишига салбий таъсирлари ҳам мавжудки, улар қуйидагиларда намоён бўлади:

- ЕОИИ аъзо давлатларидан амалга ошириладиган айрим соҳалардаги юқори рақобатбардош технологиялар трансфери ва бунда ЕОИИ аъзо давлатларнинг ушбу соҳадаги илмий-техник ва инновацион жиҳатдан устунлиги Ўзбекистонда бу соҳаларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот йўналишларининг (ҳозирда ривожланиш босқичини бошдан кечираётган соҳалар назарда тутилмоқда) ривожланишининг пасайтириши;

- ишчи кучининг ЕОИИ доирасидаги мобиллигини ошиши жараёнида ёш олимларнинг ва катта ёшдаги тажрибали олимларнинг ЕОИИ аъзо давлатларига кетиб қолиш эҳтимолининг ортиши;

- ЕОИИга аъзо давлатларнинг, хусусан, Россия, Белоруссия каби давлатларнинг ривожланган саноат тармоқлари Ўзбекистонда ривожланиш босқичига ўтаётган соҳалар, жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, агротехникадаги инновацион фаолиятни, шу билан бирга, ушбу соҳалардаги илмий-тадқиқот фаолияти билан банд бўлган мутахассислар фаолиятининг сусайиши (аслида олимларнинг бозор конъюнктураси, яъни бозорга мослашувчанлиги ортиши)га олиб келиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда илмий-тадқиқот натижаларининг ишлаб чиқаришга жорий этилишида инновацион маҳсулотлар сифатини баҳолаш, уларнинг давлатлараро стандартларга мувофиқлигини текширувчи лаборатория ва аккредитациядан ўтган синов лабораторияларининг етарли даражада мавжуд эмаслиги (аксар йўналишларда) илмий-тадқиқот натижалари асосида яратилган маҳсулот, технологияларнинг ЕОИИга аъзо давлатларга трансферини амалга оширишда муайян муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳар қандай шаклдаги ҳамкорлиги доирасида илмий сиғимкорлиги юқори бўлган товарлар ишлаб чиқариш учун илмий-тадқиқот ва инновацияларни молиялаштириш механизмини такомиллаштириши ҳамда улар ҳажмини сезиларли кўпайтириши лозим.

Демак, муҳокама этилаётган масала пухта тайёргарликни талаб этади. Шундагина бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва иқтисодиётимизни янада ўсишига ёрдам беради.

 

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ишчи гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    723
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+