O'zLiDeP коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бўйича ўзбекистонликларга мурожаат қилди

07.04.2020, 12:49

O'zLiDeP коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бўйича ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Азиз юртдошлар!

Шу кунларда нафақат биз, балки бутун жаҳон мураккаб синовни бошидан кечирмоқда.

Бу хасталикдан эсон-омон қутилиш учун, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, сабр-бардошли, интизомли бўлиш шарт.

Президентимизнинг учинчи маротаба видеоселектор орқали халқимизга қилган мурожаатини юрт эртаси ҳақида қайғуриш, ҳар бир инсон, айниқса ҳар бир ўғил-қиз учун ғамхўрлик эканлигини ҳар биримиз чуқур ва теран ҳис этайлик. Ушбу даъватга ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонат, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият билан жавоб берайлик.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркор, фермер ва ишбилармонларни бундай синовли кунларда ҳеч қандай саросима ёки ташвишга тушишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидламоқчимиз.

Давлатимиз раҳбарининг ҳеч бир тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, деган ваъдаси бизга юксак ишонч бағишлайди. Шуни унутмаслик керакки, давлатимиз ҳеч бир фуқарони, тадбиркорни ўз муаммоси билан ёлғиз қолдирмайди.

Деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган бугунги ғанимат кунларда фермер ва томорқачиларимизга руҳни тетик тутиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларимиз тадбиркорлар, фермерларимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда берилган имтиёзлар, имкониятларни тўлиқ тушунтириш, тарғибот олиб боришга яқиндан кўмакчи бўлади.

Азиз юртдошларимиз, қадрли сайловчиларимизни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, заруратсиз кўчага чиқмасдан уйда ўтириб, оиласи ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғуришга чақирамиз. Иш жойида бўлишга мажбур ватандошларимиздан ҳам қатъий интизомни сақлаган ҳолда, гигиена ва санитария меъёрларига амал қилиш талаб этилади.

Сиздан имкон қадар карантин даврида уйдан чиқмасдан яқинларимиз ёнида бўлишингизни сўраймиз. Давлат раҳбари томонидан имзоланган фармонлар, қарорлар, аниқ белгиланаётган чора-тадбирларга амал қилган ҳолда, коронавирусни ортиқча талафотларсиз енгиб ўтиш ҳар биримизга боғлиқ эканлигини асло унутманг.

Эл саломатлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ишни қадрига етайлик. Уйда қолиб, бошимизга тушган синовли кунлардан эсон-омон ўтишни, ўз ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётган ҳукуматимиз ва шифокорларга мадад бўлайлик.

  • Кўрилди
    248
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ғолиб Пўлотов ЎзЛиДеП Ғиждувон туман Кенгаши аппарати раҳбари2020-04-09 12:32:56

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан бу балога қарши олиб борилаётган ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлаб аҳолимизни ҳушёрликка даъват этиб қўйилаётган талабларга риоя этишга чақирамиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+