Давлатимиз ҳеч бир фуқарони ёлғизлатиб қўймайди

07.04.2020, 12:56

Давлатимиз ҳеч бир фуқарони ёлғизлатиб қўймайди

Давлатимиз раҳбари жорий йил 3 апрель куни халқимизга яна бир бор мурожаат қилиб, ҳар бир фуқародан ўзини ва яқинларини эҳтиёт қилишни сўради. Мамлакатда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда Президентимиз талаба ва ўқувчи ёшларимизга ҳам алоҳида мурожаат қилиб, фарзандларимизни уйда вақтларини бекор ўтказмасликка, китоб ўқиб, билимларини оширишга даъват этди. Албатта, карантин даврида вақтдан унумли фойдаланиш, кўпроқ китоб мутолаа қилиш ва уйдан чиқмаслик касаллик тарқалишининг олдини олишда энг муҳим омиллардан саналади. Асосийси, бу вазият оила даврасида бўлиш, ўз билимини ошириш имкониятини яратади.

Бироқ, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, айрим фуқароларимиз карантин талабларини менсимасдан турли хил қонун бузилиши ҳолатлари содир этиб, ўз ҳаёти балки бошқа инсонлар ҳаётига ҳам хавф туғдирмоқда. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган барча чораларга қарамасдан ҳанузгача масъулиятни сезмаётган, яқинларини, оиласининг соғлигини хавфга қўяётган фуқаролар афсуски, ҳали ҳам бор. Сабаби улар бу касалликни жамоасига, оиласига олиб кирмасликка масъул ва жавобгар эканликларини ҳалигача билмаяпти.

Президент мурожаатида айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлаётгани ибрат қилиб кўрсатилди. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймади.

Шундан хулоса қилиш мумкинки, бугунги синовли кунларда ҳар биримиз сабр-матонатли бўлиб, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз. Бунинг учун фақат карантин қоидаларига риоя қилиб, уйда қолиб, фарзандларимиз тарбияси билан машғул бўлсак кифоя.

Азиз юртдошлар, Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди. Кўпга келган бу оғир кунларни албатта, енгиб ўтамиз. Шундай экан, уйда қолинг, кўпроқ китоб ўқиб билимларингизни оширинг.

Феруза НИГМАТОВА,

 Олий Мажлис Конунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    591
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+