Унутманг, сиз оилангиз ва яқинларингизга кераксиз!

08.04.2020, 17:19

Унутманг, сиз оилангиз ва яқинларингизга кераксиз!

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу офатдан халқимизни асраш борасида давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилинди. Халқимизга бир неча маротаба мурожаат қилиб, юртдошларимиздан ўзи ва яқинларини эҳтиёт қилишни сўради.

Аммо мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай ҳозирги вазият моҳиятини ҳали-ҳануз тушуниб етмаётганлар фуқароларимиз ҳам афсуски, учраб турибди. Бу билан улар нафақат ўзининг, балки яқинларининг соғлигига ҳам таҳдид солаётганини чуқур англаб етмаяпти.

Наманган вилоятида 72 ёшли онахоннинг коронавирус инфекциясига чалинганидан кейин юрак ҳуружидан вафот этгани ҳақида барчангиз эшитдингиз. Унинг жанозасида ҳатто фарзандлари ҳам иштирок этолмади. Албатта, бундан барчангиз яхши хабардорсиз.

Шу боис мен ҳам халқ вакили сифатида сизларга мурожаат қилиб, фарзандларингиз, оилалангизни бу балодан асранг, огоҳ бўлиб, тиббиёт ходимларининг айтганларини қилинг демоқчиман. Ишонаманки, бу мурожаатимни ўзингиз сайлов жараёнларида қўллаб-қувватлаган, ишонган бир фарзандингиз, ака-укангиз, қадрдонингизни сизга дилдан айтган мурожаати деб қабул қиласиз.

Мен ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги вакилингиз сифатида Тошкент шаҳрида бўлсамда, ҳар куни электрон, масофавий тарзда Норин ва Уйчидаги сайловчиларим вакиллари билан боғланиб турибман. Норинда, Уйчида карантин ҳолатида амалга оширилаётган ишлардан бохабарман. Шу нуқтаи назардан, аввало, сизларга ҳозирги карантин кунларидаги қатъий интизомга риоя этаётганингиз, сабр-тоқатингиз, оилангиз ва яқинларингиз олдидаги улкан масъулиятни ҳис этаётганингиз учун самимий миннатдорчилик билдираман.

Азиз юртдошлар!

Юртбошимиз одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги ва корхоналаримиз барқарор ишлаши учун қанчалик мураккаб бўлмасин мана шундай қийин вазиятда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Демак, бугунги синовли кунларда тадбиркорларимиз ҳам халқимизга елкадош бўлиб, давлатимиз томонидан уларга берилаётган имтиёзлар самарасини кўрсатишлари зарур, деб ҳисоблайман.

Сиз билан биз биргаликда бошдан кечираётган бу даврнинг тез ёки секин ўтиши ҳозирда олиб борилаётган сиёсатга нафақат тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар, қолаверса, барчамизнинг қатъий интизом ва улкан масъулият билан вазиятни чуқур англаган ҳолда ёндашишимизга боғлиқ. Токи, карантин қоидаларига қатъий амал қилмасканмиз, бир-биримиз билан кўришишда давом этарканмиз, заруратсиз кўчага чиқар эканмиз, коронавирус пандемиясига барҳам бера олмаймиз.

Шундай экан, ҳаммамиз сабр-матонатли бўлиб, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, бу касалликни енгиш осон бўлади.Сиз оилангиз, яқинларингиз, қадрдонларингиз, энг муҳими, Ватанимизга керак эканлигингизни асло унутманг!

 Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

 O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    662
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+