Сансоларлик ва бюрократия энди халққа ортиқчалик қилади

08.04.2020, 17:30

Сансоларлик ва бюрократия энди халққа ортиқчалик қилади

Кейинги вақтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши, нафақат йўлларда тирбандликларни, балки тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш хизматларининг махсус автотранспортларининг тўсқинликсиз манзилга етиб боришида кўпгина қийинчиликлар туғдирмоқда.

Мулоҳаза учун рақамларни келтириб ўтаман. 2017-2019 йилларда Махсус автотранспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл бермаганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1285-моддаси 1-қисми билан жами 738 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ушбу рақамлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишга туртки бўлди ва у Ҳукумат томонидан қуйи палата муҳокамасига киритилди.

Қонун лойиҳасида тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига йўл бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка оид ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ҳамда ушбу соҳадаги маъмурий иш юритув жараёнида қонунийлик ва одиллик принципларини рўёбга чиқариш мақсадида тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берганлиги учун қоидани бузишга мажбур бўлган транспорт воситалари ҳайдовчилари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддасига асосан жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган.

Бироқ киритилган қонун лойиҳасининг мазмунига чуқурроқ эътибор қаратилса, тезкор ва махсус хизмат транспортларига йўл берган ҳайдовчиларни жавобгарликдан озод қилиш учун улар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари зарурлиги назарда тутилган.

Бу ҳолат Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасида атрофлича кўриб чиқилди. Албатта тезкор ва махсус хизмат транспортларига йўл бергани учун қоидани бузишга мажбур бўлган ҳайдовчиларни жавобгарликдан озод қилиниши бу адолат мезонига тўғри келади. Аммо бунинг учун улардан тасдиқловчи ҳужжатларнинг талаб қилиниши ортиқча сансоларлик, бюрократияни келтириб чиқаради. Шу сабабли қўмита қонун ташаббускорларидан фарқли ўлароқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси олтинчи қисмини қуйдагича таҳрирда таклиф этди. Унга мувофиқ “Кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берган транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши фото ва видео қайд этишнинг махсус автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.”

Бундан кўринадики эндиликда юқорида санаб ўтилган автотранспортларга йўл бергани учун қоидани бузишга мажбур бўлган ҳайдовчилар ҳеч қандай қўшимча тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмасдан жавобгарликдан озод этилади. Қўмитанинг мазкур таклифи депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сардорбек ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    931
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+