Бугунги шароитда тадбиркорлар ҳар томонлама қӯллаб-қувватланмоқда

08.04.2020, 17:47

Бугунги шароитда тадбиркорлар ҳар томонлама қӯллаб-қувватланмоқда

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш учун барча чоралар кўрилди.

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг коронавирус пандемияси муносабати билан халқимизга яна бир бор навбатдаги мурожаатларидан таъсирландим.

Мамлакатимизда ушбу инқироз иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш, одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун давлат барча чораларни кўраётганини алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги шароитда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, ҳар бир туман ва шаҳар сектор раҳбарларига ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам равишда бирма-бир ишлаши бўйича топшириқлар берди. Туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида штаб ташкил этилиб, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиб борилиши таъкидланди.

Яна бир аҳамиятли томони, Президентимиз жорий йил 3 апрель куни мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.

Ушбу фармонга кўра:

биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.

Бешинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади.

Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Шунингдек, бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарорга имзо чекдим. Уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.

Еттинчидан, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Хулоса шуки, фармонда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш нафақат давлат идораси, балки ҳар бир депутат зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундай экан, энди ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиб, президент фармонининг ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.

Абдулазиз Хужаков,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар

кенгаши депутати, тадбиркор

  • Кўрилди
    883
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+