Коронавирусга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг қадрига етайлик

08.04.2020, 21:37

Коронавирусга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг қадрига етайлик

Айни дамларда коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда бўлаётган аянчли ҳолатларни кўряпмиз, юзлаб, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмяпти, айрим ривожланган давлатлар коронавирус пандемияси туфайли саросимага тушиб қолганлигининг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу инфекция оқими етиб бормаган давлатнинг ўзи қолмади.

Афсуски, бу касаллик Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимизнинг аввалдан соғлиқни сақлаш тизимига қаратган эътиборлари, соҳадаги чуқур ислоҳотлар, ўз вақтида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туфайли юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш, уни кенг тарқалишини олдини олишга доир белгиланган тезкор чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш механизми йўлга қўйилди.

Инқирозли ҳолатларни олдини олиш, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш борасида тадбиркорларга берилган қатор имтиёзлар, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган моддий-маънавий ёрдамлар, бугунги “жанг майдони”да туриб “кўринмас душман” билан олишаётган фидоий тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, бу инфекцияга қарши курашда керак бўладиган барча тиббий буюм ва дори воситаларини ўзликсиз етказиб берилаётганлиги, қолаверса ҳар бир беморга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, чет элдаги ватандошларимизни чартер рейслар орқали юртимизга олиб келиниши, хуллас буларнинг барчаси бой ҳаётий тажрибага, ноёб иш услубига эга бўлган, халқпарвар Президентимизнинг саъй – ҳаракатлари, метиндек сиёсий иродаси туфайли бўлаётганлигини тўлиқ тушуниб турибмиз.

Минг афсуски, бугунги вазиятни тўғри тушунмай, кўрилаётган чораларни қадрига етмай, ўзини ва яқинларини, шу билан бирга ўзгалар соғлиғини ҳавф остига қўйиб, карантин қоидаларини бузаётган, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмай юрган минглаб фуқаролар кўпчиликни ташвишга қўймоқда. Президентимиз мазкур масалада уч маротаба халқимизга мурожаат қилдилар. Пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш, коронавирус тарқалишига қарши кураш тадбирларига шу бугунги кунга қадар 30 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу маблағларнинг қандай мақсадларга сарфланаётганлигини бутун халқимиз гувоҳи бўлиб турибди.

Азиз юртдошлар, ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар! Қадрли сайловчиларимиз!

Яратганнинг бу синовини бирдамлик ва аҳилликда албатта енгамиз, хеч қандай қўрқув ва ҳавотирликка ўрин йўқ.
Вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, жамиятимиз, халқимиз дадиллик ва комил ишонч билан ўз келажагини қуришда давом этаверади.
Бугун ўз оилангиз даврасида уйдаги улгурмаган ишларингиз билан, фарзандлар ва набиралар таълим-тарбияси билан, тансиқ таомларни пишириб дегандек, хуллас уйда қиламан десанг иш тугамайди, шунингдек телевизор қаршисида маданий дам олишингиз, китоб ўқишингиз, ижодий фаолият билан шуғулланишингиз учун, қолаверса, яратгандан бу синовлардан эсон-омон, тезроқ ўтиб олишни сўраб ибодат қилиш имконияти яратилди.

Келинглар, азизлар! Ўзимизни, яқинларимизни ва бутун Ўзбекистонликларни бу балодан асрайлик. Бугунги карантин шароитида хизмат бурчини бажараётган ички ишлар, миллий гвардия, ҳавфсизлик хизмати ходимларига халақит бермайлик. Ўз жонини ҳавф остига қўйиб коронавирус инфекцияси билан олишаётган, жасорат намунасини кўрсатаётган, бугунги куннинг қахрамонлари бўлган азиз шифокорларимизнинг меҳнатини қадрлайлик. Коронавирусга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг қадрига етайлик. Сизлардан кўп нарса талаб этилмайди, фақат уйда ўтирсангиз бас. Биз сиз учун ишдамиз, сиз эса уйда қолинг!

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    939
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+