Депутат: Сабрнинг боши аччиқ, охири ширин!

09.04.2020, 15:50

Депутат: Сабрнинг боши аччиқ, охири ширин!

Ҳаётимизнинг ўзи пасту баландликлардан, кутилмаган тасодифлардан иборат. Бу инкор этиб бўлмас аксиомадир. Тождор вируснинг инсонлар ҳаётига солган катта хавфи ҳам, фавқулотда эълон қилинган карантин ҳам ана шундай кутилмаган бир тасодиф, синовдир. Шунчаки ҳозир у сабаб бироз пастликка энган бўлсак, яна ҳаётимиз ўз маромида давом этадиган баландликка чиқиб олиш эса ўз қўлимизда. Бунинг учун ҳамма биргаликда ҳаракат қилиши керак, холос!

Афсуски, ана шу оддий ҳақиқатни тушунмаётган, карантин қоидаларига бўйсунмаётган юртдошларимиз ҳақида ҳам эшитяпмиз. Шунча тушунтиришларга қарамай, уларнинг сони ортиб боряпти. Ахир талаб этилаётган нарсалар ўта оғир ёки қийин вазифалар эмаску!

Қўлларимизни совунлаб ювишдан тортиб, уйларимизни доимий равишда шамоллатиб туриш, дезинфекциялаш — буларнинг бари саломатлигимизнинг гарови бўлмиш оддий гигиена қоидалари. Зарурат бўлмаганда уйдан чиқмай ўтириш ҳам вирусни юқтириб олмаслик ёки бошқаларни зарарламаслик мақсадида жорий қилинди. Ухандаги ҳолатни кўз олдингизга келтиринг-а. Кўп қаватли уйларнинг асосий эшикларини бутунлай ёпиб ташлашдек қатъий чора кўрилишигача боришди. Шифохонадагилар вирусдан вафот этганларни кўриб эзилишлари, беморларнинг палаталар етишмай, ерда ётишгача мажбур бўлишлари — буларнинг бари даҳшат. Минг шукрки, бизда ана шу даражага етиб бормаслик, бундай қийин кунларни бошдан кечирмаслик учун ҳам одамлардан эҳтиёткорлик ва карантин талабларига риоя қилиш сўраляпти.

Азиз юртдошларим, қадрли сайловчиларим, сабрнинг боши аччиқ, охири ширин дейдилар. Агар ёруғ кунларга етишни чин дилдан истасак, карантин қоидаларига ҳам жиддий амал қилайлик. Ўзимизнинг ва жондан азиз фарзанларимиз, ота-онамиз саломатлигига ҳам масъул эканлигимизни бир лаҳзага бўлса-да ёддан чиқармайлик. Зеро, бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз ён-атрофимиздагиларга ҳам ўрнак, ибрат бўлсин!

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    121
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+