Президентимиз оғир дамларда ҳам тадбиркорлар билан

09.04.2020, 18:19

Президентимиз оғир дамларда ҳам тадбиркорлар билан

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига сайланган кундан бошлаб юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга асосий эътиборни қаратди.

Тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун турли имтиёзлар яратиш бўйича бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди. 

Жумладан, кредитларни расмийлаштириш соддалаштирилди. Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган юртдошларимиз учун “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз”  Давлат дастурлари асосида имтиёзли кредитлар ажратилди. 

Мамалакатимиз раҳбарининг “Иккита ишчи ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтараман” деган иборалари соҳага фаолият юритаётган ҳар билан шахсга қанот бағишлади, десам муболаға бўлмайди.

Бугун бутун дунё иқтисодиёти  коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши сабаб, оғир дамларни бошдан кечирмоқда. Ушбу вируснинг жаҳон иқтисодиётига  салбий таъсири мутахассислар томонидан ўрганилиб чиқилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилаяпти. 

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 3-апрель куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида  падемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилди. Шу куни “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодий тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди. 

Фармонга кўра, эндиликда туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар 2020 йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Шунингдек, фармонда кўрсатилишича, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар тўлаш тўхтатилади.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан хақ тўлаш мажбурий талаби 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Ушбу имтиёзни корхонамиз мисолида гапирадиган бўлсам, биргина электр-энергияси учун бир ойда 200 миллион сўм олдиндан тўлов амалга оширар эдик. Эндиликда  мазкур маблағнинг 70 фоизини қайтариб олишимиз ёки кейинги ойлар учун фойдаланишимиз мумкин.

Шу билан бирга,  корхонамиз томонидан жорий йилнинг май ойида ёпилиши керак бўлган 2 миллиард сўмга яқин банк кредити фармон асосида 2020 йилнинг августигача узайтирилди. 

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар биз тадбиркорларга  берилаётган энг катта имкониятлар, деб ҳисоблайман. Шу аснода, бугунги оғир дамларда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган муҳим ҳужжат, деб биламан.

Бинобарин, бугун мамлакатимизда пандемиянинг олдини олиш борасида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлашда, пандемия даврида кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлашда, бозорларимизни тўкин сочинлигини таъминлашда камарбасталигимизни таъкидлаган ҳолда Юртбошимизга мурожаат қилмоқчиман.

Муҳтарам Президент, бизга шунча шароит ва имтиёзлар яратмоқдасиз, биз ҳам қараб турмаймиз. Ҳар қандай дамларда биз Сиз билан бирга бўламиз!

Абдуазиз МУНИСОВ,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

TESPACK INVESTMENT бош директори

  • Кўрилди
    696
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+