Пандемия уйимизга михлаб қўйган бўлсада, томорқада меҳнат қилишдан маҳрум қилолмайди

09.04.2020, 21:35

 Пандемия уйимизга михлаб қўйган бўлсада, томорқада меҳнат қилишдан маҳрум қилолмайди

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда  бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Албатта, бу ҳозир энг туғри йўл ҳисобланади. Зеро, бугунги замоннинг талаби ўзгача, шароитлар бошқача. Йилига ярим миллион нафардан кўпайиб бораётган республикамиз аҳолиси рўзғорининг бутлигига эришиш, одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик ресурсларидан, томорқасидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланмай туриб бажариш мушкул, албатта.

Шу маънода  пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган қатьий карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, ички бозорда нарх-навони ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлсада тадбиркорлик билан шуғулланишимизга ҳам боғлиқ. Шундай экан, ким бўлишимиздан қатъий назар қўлимиздан келганча ушбу хайрли ишдан четда турмаслигимиз шарт. 

Айни шу кунларда кўпчилигимиз вақтимизни асосан оила даврасида ўтказяпмиз. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонимиздаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилса,  аввало,  келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселекторда Уйчи туманининг томорқачилик борасидаги тажрибаси намуна сифатида тилга олинди. Албатта бу биз учун фахр туйғусини бериш билан бирга зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Қайси маънодаки, ушбу тажрибани республикамизнинг бошқа ҳудудларида оммалаштиришимиз, бошқалардан эса янги методларни ўрганишимиз давр талаби. Муҳими, бир жойда тўхтаб қолмаслик.  Касб тақозоси, яъни депутатлик орқасидан жойларда аҳоли билан учрашувларга чиққанимизда бунга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдаман.

Мавзуни давом эттириб ўзим сайланган Уйчи туманида аҳолининг томорқадан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларига рақамлар мисолида қисқача тўхталиб ўтсам.  Бугунги кунда туманда 212 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 35497 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари мавжуд. 1596 гектар экин майдони бўлиб, ҳозирда 1543 гектар майдонда экиш ишлари якунланди. Шундан 573,2 гектарида ўн беш турдаги сабзавот маҳсулотлари, 9 гектарида дуккакли экинлар етиштирилади. 234 гектар майдонга картошка экилди.  

Яна бир қувончлиси, туманда йилдан-йилга иссиқхоналарнинг кўпайиб бораётганидир. Ҳозирда 1049 та иссиқхона мавжуд. Шундан 258 таси  2019 йили ташкил этилди. Жорий йилда 5,1 гектар майдонда 425 та иссиқхона ташкил қилиниши режалаштирилган. Бу иссиқхонанинг 340 таси намунавий лойиҳа асосида ташкил қилинади. Видеоселкторда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш муҳим эканлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Бугун гарчи пандемия барчамизни уйимизга михлаб қўйган бўлсада, томорқамизда меҳнат қилишдан маҳрум қилолмайди. Демак, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини тезроқ якунига етказайлик. Томорқамизни асло қаровсиз қолдирмайлик. Зеро, бу Президентимиз таъбири билан айтганда аввало юртга ва ерга хиёнатдир. Ҳар бир қарич унумдор ерни қадрига етайлик.

  
Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    346
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+