Аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда

10.04.2020, 12:18

Аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун  барча чоралар кўрилмоқда

Бугунги кунда инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Бутун дунёни хавотирга солаётган айни дамда мамлакатимизда ҳам коронавирус панэпидемияси тарқалган вақтда ўз ҳаётини хатарга қўйиб, ушбу касалликка чалинган юртдошларимизнинг саломатлигини тиклаш йўлида кеча-ю кундуз тиним билмай меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари олиб бораётган мардонавор меҳнатларини кўриб, давлатимиз раҳбари ҳамда ватандошларимиз шифокорларимизга ўз миннатдорликларини айтмоқдалар.

Жорий йил 7 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эса тиббиёт ходимларига берилган юксак баҳо бўлиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш йўлидаги улкан қадамлардан бири бўлди.

Эндиликда қарорга кўра, тиббиёт соҳасида профессионал мутахассисларни таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилади.

Қарор билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 47 та тиббиёт коллежини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари қайта ташкил этилади. Энг қувонарлиси техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу эса келажакда етук шифокор-врачларнинг етишиб чиқишида муҳим пойдевор вазифасини бажаради.

Мазкур техникумларнинг ўқув режалари ва фан дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилиши ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказилиши тиббиёт соҳасида “Рақамли иқтисодиёт”ни такомиллаштиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ҳудудларимиздаги шифохоналарда малакали шифокорларга талабнинг юқорилиги инобатга олинган ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантириш ҳамда параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти киритилган.

Бундан ташқари, қонунга кўра, тиббиёт соҳасида таҳсил оладиган талаба ёшлар ва илмий даражадаги ходимларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. Масалан, давлат тиббиёт муассасаларининг халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг етти бараварига тенг миқдорда, шунингдек, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимга ўн беш бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур қарори шифокорларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин бир намунаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Баҳром РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси,

 Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш

 масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    699
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+