Фермернинг ўрни далада

10.04.2020, 16:19

Фермернинг ўрни далада

Айни пайтда халқимиз оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Қатъий интизом ва метин ирода билангина бу қийинчиликларни енгиб ўта оламиз, албатта.

Ҳукуматимиз барчани бирдек уйда қолишга даъват этмоқда. Албатта уйда фойдали меҳнат билан машғул бўлиш, ҳар бир дақиқани мазмунли ўтказиш, аввало ўзимизга боғлиқ. Ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасида рўзғорбоп резаворларни етиштирса, аввало озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан ички талаб тўлиқ таъминланади, нарх-наволар ҳам асоссиз ошиб кетмайди.

Мана куни кеча муҳтарам юртбошимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳам  ҳозирги муракаб вазиятни ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги ходимлари зарурий тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда деҳқончилик ишларини давом эттиришлари  кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шуни айтмоқчиманки, фермернинг ўрни далада. Мана мен ўзим ҳам “Отабой Сулоласи Отабек фермер хўжалиги” раҳбари  сифатида 28 нафар ишчиларим билан бирга, санитария қоидаларига қатъий амал қилган ҳолатда далада меҳнат қиляпмиз. Ғалланинг ўғитини якунладик, ғўза парваришлаш ишлари ҳам маромида кетяпти. Бундан ташқари, фермер хўжалигимиз қошидаги боғимизда ҳам иш қизғин, бозорларга сархил мевалар етказиб бериш ниятидамиз, қолаверса халқимиз дастурхонида  қишлоқ  хўжалик маҳсулотлари мўл-кўл бўлишига муносиб ҳисса қўшиш истагида боғ оралаб  полиз маҳсулотларини экдик. Яна, ипак қурти боқишга тайёргарликни ҳам бошлаб юбордик. Тез кунларда ипак қуртини хонадонларга тарқатамиз. Бу ҳам албатта уйда ўтирган хотин-қизларимизнинг карантин кунларидаги вақтларини самарали ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқараётган инқирозга қарши фақатгина меҳнат қилиб, томорқалардан самарали фойдаланиш орқали курашишимиз зарур. Ҳозирги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, томорқалардан аввалги йилларга қараганда икки баробар кўп ҳосил олиш мақсадга мувофиқ бўлади, албатта. Мен ишонаманки, халқимиз меҳнаткаш, деҳқончиликни ҳадисини олган, шу боис ҳам мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмайди, уйда банд бўлиш эса аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун хизмат қилади.

Маъмура ТУРҒУНОВА,

Халқ депутатлари Наманган

вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+