Дониёр Ғаниев: Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор!

10.04.2020, 22:25

Дониёр Ғаниев: Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор!

Коронавирус инфекцияси туфайли дунё аҳли қатори халқимиз ҳам синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Бундай кунларда муҳтарам Президентимиз айтганларидек, ҳар биримиздан темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилади. Ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, жамиятимиз, халқимиз соғлиғи ва тинчлиги учун уйда қолишимиз зарур.

Лекин бугун мен бу вируснинг мамлакатимизда тарқалиш ҳолатига бошқачароқ яъни, оптимистик кайфиятда қарашни маъқул кўрдим. Унинг жамиятимизга, кундалик ҳаётимиздаги иқтисодий-ижтимоий хулқ-атворимизга ва ўзаро муносабатларимизга ижобий таъсири ҳақида гапирмоқчиман. Ахир “Ҳар нарсада бир ҳикмат бор” деб бежиз айтилмаган!

Аввало, карантин чоралари иқтисодиётимизда ҳақиқий “рақамлаштириш революция”сини бошланишига туртки бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки кўп соҳаларда, ҳатто парламентда, ижро ҳокимиятида ҳам давлат бошқаруви масофавий амалга оширилиши мумкинлиги ўз исботини топмоқда. Масофавий таълим республика даражасида амалда қўлланила бошланди. Бу эса келажакда мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, давлат идораларида ҳам замонавий технологиялардан фойдаланишни кенгайишига, иш унумдорлигига ҳамда хизматлар сифати ва қулайлиги ошишига хизмат қилади.

Уйдан чиқмай харид қилиш зарурияти эса юртимизда онлайн тижорат ривожида янги саҳифа очди. Яқин келажакда интернет орқали буюртма бериладиган маҳсулот ва хизматлар ҳажми, умуман олганда онлайн тижоратни миллий иқтисодиётимиздаги улуши сезиларли даражада ошиб боришини тахмин қилиш қийин эмас. Коронавирусдан кейинги янги даврда янги имкониятларни қўлдан бой беришни истамаган ҳар қандай бизнес ўз хизматлари ва маҳсулотларини онлайн етказиб беришни йўлга қўйиш чораларини ҳозирдан ўйлашни бошлашини тавсия қилган бўлардим.

Қолаверса, вирусга қарши курашда юртимизда малакали шифокорлар, мутахассислар, вирусолог олимлар етишмаслиги ҳамда саноатимизнинг замонавий тиббиёт ускуналарини қисқа фурсатларда ишлаб чиқариш салоҳиятига эга эмаслиги давлат ва жамият томонидан илм-фанга бўлган эътиборни янги даражага олиб чиқишига ишонаман.

Вирус тарқалишининг ижтимоий таъсирига тўхталадиган бўлсам, яқинда Фарғона вилоятида “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”даги тадбирларда кўнгилли сифатида иштирок этиб, учта ижобий тенденцияни кузатдим.

Биринчидан, юртимизда карантин ҳолати эълон қилинганидан сўнг кўплаб саҳоватли инсонлар ўзлари мустақил тарзда хайрия ишларини олиб боришаётгани, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам қўлини чўзаётганлари халқимизнинг энг эзгу фазилати, асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган, ич-ичимизга яширинган саҳоватпешалик, меҳр-мурувват каби олий қадриятлар бугунги оғир эпидемиологик вазият фонида қайтадан жонланиб, юзага чиқаётганидан далолат бермоқда.

Иккинчидан, эпидемия фонида фуқароларимизда, айниқса, ёшларимизда кўнгилли тарзда яъни волонтёрлик асосида ўзгаларга кўмаклашиш, хайрия тадбирларида фаол иштирок этиш хусусияти шакллана бошланди. Аслида бу волонтёрлик фаолияти биз ўзбекларнинг неча юз йиллик анъаналаримиздан бири бўлган хашарнинг бир кўринишидир. Лекин минг афсуски, охирги бир неча ўн йилликда кўплаб жамоатчилик тадбирларини “ихтиёрий-мажбурий” тарзида амалга ошириш орқали халқимизнинг бу улуғ анъанасини унута бошлагандик. Бугунги синовли кунлар эса фуқароларимизда оммавий хайрия тадбирларида кўнгилли тарзда иштирок этиш истак сифатида шаклланишига кўмак бермоқда.

Учинчидан, биз эпидемиядан олишимиз мумкин бўлган энг муҳим жиҳат, энг катта ютуқ бу фуқаролар ва давлат ўртасидаги ишонч, уларнинг ўзаро ҳамкорликда бир мақсад сари бирлаша олишидир!

Тан олиш керак, бугунга кунга қадар фуқароларнинг давлат идораларига ишончи у қадар юқори эмас, фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари эса қониқарсиз даражада эди. Аммо бугун давлат хизматчилари, айниқса, шифокорлар, ИИБ, Миллий гвардия ва бошқа ташкилот ходимларига фуқаролар ишончи ортмоқда, уларнинг туну-кун қилаётган меҳнати фуқаролар томонидан олқишланмоқда. Давлат идоралари ва фуқаролар ҳамкорлигида хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Агар биз барчаси ўз жойига тушганидан сўнг бу ортирилган ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликни сақлаб қололсак, ишонаманки, жамият ва давлат бошқарувидаги барча сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар муваффаққиятини таъминлай оламиз.

Дониёр ҒАНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси  

  • Кўрилди
    1152
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шамс2020-04-11 17:21:52

Хурматли Oz.LiDep, мана телеграм каналларини кузатиб, утган йили куп хонадонларга кишлок хужалиги сохасида иктисодиетни кутариш юзасидан маълумотларни курит хурсанд булиб фахрландим. Хозирги огир холатда шу дастурни давом эттириш максадга мувофик деб уйлайман. Карантиндан сунг ахолини иктисодий жихатдан тезрок оекка туришига катта ердам булади деб уйлайман.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+