Томорқаси бўш ётган хонадоннинг баракаси бўлмайди

11.04.2020, 12:37

Томорқаси бўш ётган хонадоннинг  баракаси бўлмайди

Карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни қондириш учун мамлакатимиз катта резерв ва имкониятларга эга. Айниқса, бугунги мураккаб вазиятда деҳқонларимиз ва фермерларимиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экин ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиб қолиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари 8 апрель куни масофадан туриб ўтказган йиғилишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Бугун кўпчилик томорқалардан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олиб улгурди. Албатта, бунда сўнги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарорлар, айрим қонунларга киритилган ўзгартиришлар ҳам туртки бўлди, десак адашмаймиз. Айниқса, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши, аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш ва хизматлар кўрсатувчи 244 та “Томорқа хизмати” корхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада олдинга силжишимизда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.

Хабарингиз бор, фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма ташкил этилиб, иссиқхона қураман, томорқамда маҳсулот етиштириб, даромад кўраман деган борки, уларни молиявий-қўллаб қувватлаш учун мазкур жамғармага давлат бюджетидан 350 миллиард сўм маблағ ажратилди.  Томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича яратилган бундай тизим бугун ўз самарасини бермоқда, албатта. Аммо бу йилги мураккаб вазиятдан келиб чиққан ҳолда эндиликда барча томорқаларда ана шу тизимни қўллаб, уларнинг ҳар биридан йилиги 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурияти туғилмоқда.

Юқори ҳосилдорликка эришиш сув таъминотига ҳам боғлиқ. Бу борада ўтган йили жойларда 233 та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ сув таъминоти яхшиланди. Бу йил ҳам ушбу ишлар давом эттирилади ва сувга муҳтож ҳудудларда артезиан қудуқлар қурилади. Ҳар бир сектор ҳудудида эса камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этилади.

Томорқаси хароб бўлиб ётган кишининг рўзғорида барака бўлмайди. Давлатимиз раҳбари ҳам айнан шу ҳақиқатни одамлар онгига сингдиришга, керак бўлса, бунга қатъий чора қўллаш орқали ҳаётимизни фаровон қилишимиз лозимлигига ундаяпти. Томорқаси бўш ётган хонадон эгаларига нисбатан ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишидан кўзланган мақсад ҳам шу.

Аслида томорқа чинакам хазинамиз. Ундан унумли фойдалана олсаккина, унинг тупроғи олтинга айланади ва биз ундан зар терамиз. Аксинча бўлса, ўзимизга фақат зарар қилган бўламиз. Томорқасига ҳеч нима экмаслик, уни қаровсиз қолдириш давлат ва миллатга хиёнат жаражасида баҳоланишини ҳам бежиз айтиб ўтмадилар Президентимиз. Ахир, бир қарич ердан уч марталаб ҳосил олиб, рўзғоримизни бутлаш билан бирга қўшимча даромад топиш ҳам мумкин. Натижада одамларимиз меҳнат қилишни, бировга боқиманда бўлмасликни ва ҳаётини фаровон қилиш мумкинлигини ўрганади. Одамлар яхши яшаса, давлат ҳам бой, мустаҳкам, фаровон бўлади.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

OzLiDeP фракцияси аъзоси   

  • Кўрилди
    463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+