Барчаси халқ манфаатлари учун

12.04.2020, 18:59

Барчаси халқ манфаатлари учун

Дунё аҳлини бирдек ҳавотирга солиб турган коронавирус пандемияси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни шу кунларда энг долзарб масалага айлантирмоқда.     

Президентимиз раислигида 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида бу борадаги амалга ошириш зарур бўлган масалалар муҳокама қилинди, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги оғир, мураккаб шароитда барча раҳбарлар ва фермерлар бир бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан шуғулланиши лозимлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз пандемия билан боғлик бугунги мураккаб вазиятда озиқ-овқат масаласида ҳеч қандай муаммога дуч келмайди. Зеро, кейинги уч йилда соҳада жиддий ислоҳотларга қўл урилди. Хусусан, пахта ва ғаллага давлат буюртмасидан воз кечилиб, нарх белгилаш эркинлаштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда кластер тизимига ўтилди ва уларнинг ривожланиши учун барча шароит яратилди. Бундан мақсад – маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, юқори қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратиш, энг асосийси – даромад ва манфаатдорликни оширишдан иборатдир.

Қолаверса, мураккаб шароитдан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига кўплаб енгилликлар яратиб берилмоқда. Жумладан, пандемия таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармонларга мувофиқ, кредитларни қайтариш муддати узайтирилди, солиқ бўйича қатор енгилликлар жорий қилинди. Бу ҳам ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор сақлашда муҳим омил бўлмоқда.

Биламиз халқимизнинг ун ва ун маҳсулотларига талаби доимо юқори бўлган. Айни карантин даврида ҳам бу талаб сусайгани йўк албатта. Гарчи пандемия натижасида охирги уч ойда мамлакатимизга кириб келаётган ун ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга, дон 31 фоизга камайган бўлсада, ички бозордаги нархлар барқарор сақланиб турибди. Хўш, ниманинг хисобига нарх ошмаяпти, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бу аввало ўтган йили ғалланинг давлат харид нархлари оширилиб, деҳқонларнинг манфаатдорлиги таъминлангани ва қўшимча дон етиштирилгани натижасидир.

Видеоселекторда ушбу самарали ислоҳотларни оғишмасдан давом эттириш бўйича зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиланди. Хусусан, жорий мавсумда мавжуд реал вазиятни инобатга олган ҳолда қўшимча агротехник тадбирларни бажариб, ғалла ҳосилдорлигини кўпайтириш, агротехник тадбирларнинг тўғри йўлга қўйиш ниҳоятда муҳимлиги қайд этилди.

Булардан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса халқимизнинг сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришдир. Барчаси халқ манфаатлари учун қаратилган.

Сўзимни мухтасар қилиб халқимизни яна бир бор сабрли, қаноатли бўлишга, бошимизга тушган кўргиликни сабот билан енгиб ўтишга чақираман.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хӯжалиги

масалалари қӯмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    995
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+