Бирлашган ёвни қайтарар

13.04.2020, 12:39

Бирлашган ёвни қайтарар

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туркийзабон мамлакатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. У ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган.

Кенгашнинг Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистондан иборат тўрт давлат иштирокида тузилгани 2009 йил 3 октябрида эълон қилинган.

Унинг фаолияти принциплари эса 2016 йил 16 сентябрдаги Истанбул декларациясида эълон қилинган. Венгрия ташкилотда кузатувчи мамлакат саналади. Ўзбекистон ҳам дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири саналади.

Мазкур тузилмага аъзо бўлиш Ўзбекистонга савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш имконини ҳам беради. Туркий давлатлардан Ўзбекистонга сайёҳлар ортиб боришига замин яратилади.

Давлатимиз раҳбари илк бор 2018 йил 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Кенгашнинг навбатдаги саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этган эди. Шундан сўнг, 2019 йилда Ш.Мирзиёев “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Жорий йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишланган навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Видеоанжуман тарзида ўтказилган саммитда Ш.Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Унда давлатимиз раҳбари коронавирусга қарши курашишда мамлакатимизда олиб борилган қатъий чоралар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шу билан бирга пандемия хавфини бартараф этишда ўз таклифларини ҳам билдирди. Жумладан, ҳозирги мураккаб шароитда қардош халқларимизни зарур озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида юк ташиш ва транспорт коммункацияларидан кенг фойдаланиш, чегара пунктларида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Транспорт ва логистика соҳаларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва самарали мувофиқлаштириш мақсадида кенгашга аъзо мамлакатларнинг транспорт вазирларидан иборат Ишчи гуруҳини ташкил этиш таклифини билдирди. Албатта, бу таклиф халқаро платформадаги барча давлатлар учун пандемиянинг иқтисодиётда қолдирган асоратларини бартараф этиш ва яна қайта ривожланиш босқичига ўтиб олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш таклифи билан ҳам чиқди. Пандемия балосига қарши самарали кураш олиб боришда давлатларнинг бир-бирини қўллаб қувватлаши, ўзаро ёрдами ҳам жуда муҳим эканини таъкидлади. Албатта, бу таклифда жон бор. Негаки, бирлашган ёвни, олдига келган ҳар қандай балони қайтаришга қодир бўла олади.

 Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    513
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+