Томорқа - рўзғорга таянч

15.04.2020, 19:16

Томорқа - рўзғорга таянч

Бугунги карантин шароитида рўзғорни тебратиш ҳар қачонгидан ўзгача, айтиш мумкин бўлса, бироз оғирроқ тус олиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу боисдан Президент шахсан ўзи аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиши, бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбарининг бу борадаги фикрларини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда биз депутатлар ўзимиз сайланган ҳудудда, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда турли тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Ҳудуд миқёсида очилган телеграм гуруҳларига хабар йўллаш, аҳолининг уяли телефонига қўнғироқ қилиш ва аҳоли томорқасига бориб пандемиянинг оила бюджетига келтириши мумкин бўлган зарарни камайтириш борасида таклифлар билдириб, бу масалада энг мақбул ва қулай чора ҳеч шубҳасиз томорқадан унумли фойдаланиш экани тушунтирилмоқда.

Одамларни бирор ишга даъват қилишдан олдин ўзимиз бу борада намуна бўлмоғимиз лозим, албатта. Шу боис, томорқамизга бақадри имкон ишлов бериб, рўзғорда бирламчи эҳтиёж сезиладиган маҳсулотларни экиш, уларга ишлов беришга эътибор қиляпмиз.

Яқинда ёққан қорнинг совуғидан экинларни ҳимоя қилишда маҳаллий усуллардан фойдаланяпмиз.

Помидор кўчат олиб келиб экдик. Анча дадиллашиб қолди. Кундуз ҳаво яхши бўлган вақтлар қўлбола иссиқхоначамизнинг юзини очиб қўямиз. Кечки помидор экамиз, деб уруғини сепиб, кўчат қилмоқчимиз. Бундоқ мўралаб кўрсам, помидор уруғлар ҳам ердан бош кўтариб қолибди. Картошкани кўмиб, энди суғораман, деб тургандим. Худонинг ўзи қарашиб юборди. Аввал қор, кейин ёмғир юбориб, ишимизни осон қилди. Ўғит сепиб қўйсак, энди ёғажак ёмғирга қўшилиб ерга сингиб кетар, деб ўйладим. Помидорни совуқ кунларда ҳимоялашнинг энг ишончли усули унга бонка кийдириш экан.

Яна бир гап, депутат сифатида аҳолига томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳар куни тушунтириш ишлари олиб борсангу ўзингнинг томорқанг абгор, бир аҳволда бўлса, сенинг гапингга биров эътибор қиладими?  Бировга бир нарсани айтишдан олдин аввало ўзимиз шунга амал қилсак, тушунтириш ҳам осон бўларкан ҳамда жон куйдириб айтганларинг албатта, самарали ва таъсирлироқ бўларкан.

Кунлар исиб, вирус деган бало бутунлай даф бўлса, бир меҳмонга чақираман сизни. Ўзим қўлбола иссиқхонамизда пишган помидор ва бодирингдан аччиқ-чучук салат тайёрлаб бераман.

Рўзғорингиз таянчи бўлиши мумкин бўлган томорқангиздан унумли фойдаланинг.

Дилмурод ДЎСТ,

Халқ депутатлари Сардоба

туман кенгаши депутати

  • Кўрилди
    681
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+