Кафтдек томорқа – катта хазина

16.04.2020, 12:08

Кафтдек томорқа – катта хазина
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича олдимизга муҳим вазифалар қўйилди.
 
Йиғилишда Президентимиз аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиши, бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
 
Ҳа, бугунги қалтис вазиятда томорқадан унумли фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шундан келиб чиқиб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитасининг “Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш бўйича партия тузилмалари олдида турган долзарб вазифалар бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
 
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселекторидаги маърузасидан келиб чиқиб ҳар бир ҳудудда Халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, партия фаолларидан иборат Ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Шунингдек, туманлардаги энг намунали томорқа хўжаликлари фаолиятини кенг оммалаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш чоралари кўрилди.
 
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ва партия фаолларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзоларига кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерларни бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлашда ёрдам берилиши ҳамда бу мақсадда маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланиши устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатиш, ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат эканлигини деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўртасида тарғиб қилиш вазифалари юклатилди, — дейди OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси Раҳматулло Камолов.
 
Бугун фарғоналик барча кекса-ю ёш ер билан тиллашмоқда. Айниқса, куни-кеча ёққан ёмғир деҳқончилик ишларига айни муддао бўлди, десак янглишмаймиз. Боиси ерга қадалган барака уруғларининг бир текисда унишида унинг ўз ўрни бор, албатта. Ҳозирда Ишчи гуруҳ аъзолари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аҳолига ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, рўзғор учун зарур полиз ва сабзавот экинларини экиш бўйича фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқдалар.
 
Бундан ташқари, мамлакатимиздаги вақтинчалик карантин муносабати билан OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Президентимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш бўйича амалга ошираётган сиёсатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, шунингдек, Партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб партиянинг телеграм каналида “Фойдали тавсиям: Томорқа — даромад манбаи!” шиори остида айнан томорқадан унумли фойдаланиш бўйича видео-тавсиялар танловини эълон қилинди. Мазкур танловда юртдошларимиз бугунги кунда уй шароитида томорқада қандай ишларни амалга ошириши ҳақидаги фойдали видео-тавсиялари билан қатнашмоқдалар.
 
Видео-тавсиялар жорий йил 20 апрелигача @faruzlidepbot да қабул қилинади ва сифатли тарзда олинган фойдали тавсиялар каналга жойлаб борилади. Ҳозирда етмишдан ортиқ тавсияли видеолар келиб тушган бўлиб, уларнинг 20 дан ортиғи каналга жойланди. Ғолиблар овоз бериш йўли орқали аниқланиб, у 25 апрель соат 18:00 гача давом этади.
 
Ғолиблар, яъни 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан карантин муддати тугаганидан сўнг муносиб тақдирланадилар.
 
Танловда фаол иштирок этаётган юртдошларимиз ўз тавсиялари билан юртдошларимизнинг ўз томорқаларидан йилига уч-тўрт маротаба ҳосил олишлари, рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари етиштиришларига ҳисса қўшмоқдалар. Зеро, томорқа — даромад манбаидир, — дейди партиянинг Фарғона вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Нафисахон Элчиева.
 
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, бугунги кунда унумдор тупроқли томорқаси бўлатуриб, ҳанузгача бирор турдаги экин экилмаган, бегона ўтлар босиб ётган, томорқасини қаровсиз қолдирган айрим фуқароларга дангасалик – камбағалликка олиб борувчи иллатдир, дегинг келади киши. Ахир, кафтдек томорқа – катта хазина-ку!
 
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
 
OʻzLiDeP Фарғона вилояти
 
Кенгаши матбуот котиби
Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    946
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+