Коронавирус ортидаги иқтисодий муаммолар, камбағаллик, ошаётган ташқи қарз ва ЕОИИ — депутат Нодир Жумаев билан суҳбат

17.04.2020, 12:27

Коронавирус ортидаги иқтисодий муаммолар, камбағаллик, ошаётган ташқи қарз ва ЕОИИ — депутат Нодир Жумаев билан суҳбат

Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланганлар сони 1300дан ошди. Афсуски, эндиликда вирус юқтириб олганларни аниқлаш ва уларни даволаш бу – ягона муаммоли масала эмас. Пандемия ортидан худди айсберг каби йирик муаммоларнинг кўрина бошлаганига анча бўлди.

У ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таълим, туризм, халқаро алоқалар ва умуман, барча соҳаларга салбий таъсирини ўтказмоқда.

Аммо, шубҳасиз, инфекция бир, икки, уч ой ўтсин, барибир жиловланади. Хўш, ана ундан кейин биз биринчи навбатда қандай реал хавфлар билан юзлашамиз?

Kun.uz мухбири кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев билан суҳбатлашди.

— Коронавирус пандемияси ортидан иқтисодиётимизни нималар кутиб турибди. Бу борада бирламчи, реал хавфларни нималарда кўряпсиз?

— Бугунги глобал танглик бутун дунё иқтисодиёти каби, Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳам янги синовларни туҳфа қилди. Бу синовларни енгиб ўтиш ҳамжиҳатликни талаб қилади. Яъни давлат зарур чора-тадбирларни амалга ошириши, фуқаролар эса ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиши лозим. Бу оқибатларни юмшатишга замин яратади. Тан олайлик, ҳозирча тарози палласи тенг эмас.

Узоқ давом этадиган карантин чекловлари эса, реал хавфларни келтириб чиқаради. Яъни импортнинг экспортга нисбатан кескин ўсишига олиб келади. Хизмат кўрсатиш соҳалари – авиация, темир йўл, туризм, меҳмонхоналар тармоғи ва бошқалар фаолияти деярли тўхтаб қолиши оқибатида иш ўринлари қисқаришига сабаб бўлади. Давлат бюджети ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг ойлигига ажратиладиган харажатларни молиялаштиришда муаммолар туғилиши мумкин.

Шунингдек, юқоридаги йўналишларда фаолият юритаётган корхоналар давлатнинг алоҳида кўмагига муҳтож бўлади. Ишлаб чиқаришнинг деярли тўхтаб қолиши талабнинг таклифга нисбатан юқорилигини таъминлайди, бу эса нархлар мувозанатига салбий таъсир ўтказади. Иқтисодий турғунлик ҳолатининг давомий бўлиши ишсизлик даражасини оширади ва аҳолининг тўловга бўлган қобилияти кескин тушиб кетишига олиб келади. Оқибатда, давлат бюджетига тушумларнинг жумладан, солиқ тўловларининг камайиши вужудга келиб, бюджетни шакллантиришга салбий таъсир этади.

Бугунданоқ, олдимизга қўядиган бирламчи мақсадимиз – илм-фан ютуқлари, рақамли иқтисодиёт имкониятларидан оқилона фойдаланишимиз ва одилона солиқ сиёсатини амалиётга жорий этишимиз керак бўлади.

Тан олиш керакки, тадбиркорлар солиқ органларига жазоловчи орган сифатида қарайди. Солиқ идоралари тадбиркорлар билан иш олиб боришда эътиборни норасмий ишловчиларни ҳеч қандай жазо механизмларини қўлламасдан солиқ тўловчилар сафига ўтказишга қаратиши лозим.

Шунингдек, бугунги кунда дунё бозорига мосланувчан экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқ бўлиб, бунда илм-фан имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.

— Бир нечта депутатлар аҳолига ишсизлик нафақаси тўланиши кераклиги борасида таклифлар билан чиқяпти. Сиз бу масалада қандай механизмларни таклиф қилган бўлардингиз ва умуман, ҳозирги иқтисодиётимиз бу борадаги тўловларга қобилиятлими?

— Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз томонидан ижтимоий нафақа олувчилар сонини кенгайтириш ва нафақа олиш муддатини узайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиб, қўшимча маблағлар йўналтириляпти. Аммо шундай қатлам борки, улар кунлик даромад ҳисобига тирикчилик қилишади. Улар ёлланиб ишловчилар ёки хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатувчи фуқаролар бўлиши ҳам мумкин. Албатта, уларга маълум муддат ижтимоий ёрдам пакетлари тақдим қилиш зарур.

Бугунги шароитда ҳозирча кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий ёрдам бериш етарли бўлади. Фақат буни тўғри қабул қилиш керак. Негаки, биз аниқ билмаймизки, пандемия қанча вақт давом этади. Бундай шароитда барча ресурсларни бирдан ишлатиб қўйиш оқибатлари яхши натижа билан тугамайди. Агар карантин режими муддати қисқа бўлиб чиқса, унда ортиб қолган ресурсларни тиклашга сарф этиш имконини беради.

— Аҳолининг умумий ёрдамга муҳтож қатлами ҳақида гапирдингиз. Бунда яқиндагина умумий сони 4-5 млн атрофида эканлиги айтилган камбағал қатлам ҳам бор. Аммо ҳанузгача бу қатламга кимлар кириши ва уни аниқлашдаги жиҳатлар ишлаб чиқилмаган. Назаримда, бу борада фақат жойлардаги МФЙ рўйхатларига асосланилади.

Парламент бу борада бирор режага эгами? 

— Умуман олганда, бу масала мураккаблик касб этиб, иқтисодчи олимлар, экспертлар, ижро этувчи ҳокимият ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, унинг ҳуқуқий асослари яратилиши керак. Унда камбағал қатлам таркиби, уларни қандай ҳолларда бу таркибга киритиш, яшаш минимуми, истеъмол саватчаси миқдори ва бошқа шу каби масалаларга аниқлик киритиш талаб этилади.

Тадқиқотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 46 турдаги маҳсулот ва бирламчи хизматлар (сартарошхона хизмати, пойабзал таъмирлаш устахонаси хизмати, айрим коммунал тўловлар) киритилган истеъмол саватчаси 650 минг сўм, ҳаёт кечиришнинг энг қуйи даражаси 810 минг сўм атрофида ҳисоблаб чиқилган.

Умуман олганда, истеъмол саватчаси ёш, жинс, мавсумийлик, ҳудудийлик нуқтайи назаридан фарқланиши мумкин.

Яна бир фикр – фуқароларнинг даромадлари тўғрисидаги декларация жорий этилмас экан, яхлит бир тизимни яратиш қийин масала ҳисобланади.

МФЙ фаолияти бевосита фуқароларга яқин бўлгани учун ҳам уларнинг рўйхатига асосланамиз. Аммо бу ҳам самарали чора эмаслигини кундалик ҳаётда учратяпмиз. Фаолият давомидаги кузатувлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритилаётган маълумотларга таянадиган бўлсак, айрим фуқаролар борки, яшаш учун етарли шароитларга эга бўла туриб, ижтимоий нафақа олишади. Узоққа бормайлик, ҳозирги танглик шароитида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига мурожаат қилиб, ёрдам сўраётган инсонлар орасида ҳам ўзига тўқ фуқаролар учраб турибди. Бундай ҳолатлар бизнинг диний маърифат, илм-фан ва таълим-тарбиядан узоқлашганимизга ишора эмасми?

Фуқароларнинг даромадлари эластиклигини баҳолашга қаратилган механизмни жорий этиш бу масалада муҳим ечим бўлади, деган умиддамиз. Лекин, бу йўналишдаги қонунчилик базасини яна бир бор чуқур таҳлил қилишни талаб этади. Негаки, биргина мисол келтирамиз алимент тўловчи шахс, қонунчиликка кўра, даромадининг камида 25 фоизини фарзанди учун беради. Агарда унинг даромади 10 млн сўмни ташкил этса, табиийки даромадини камайтириб кўрсатишга интилади. Унинг даромади 1 млн сўм бўлганда эса, фарзанд учун 250 минг сўм бир ойга етадими деган масала юзага чиқади.

— Карантин даврида Маҳалла вазирлиги қошидаги марказ томонидан аҳолига хайрия маҳсулотлари билан ёрдам кўрсатилмоқда. Аммо бу каби хайриялар давомли бўлмайди, саховатли тадбиркорларнинг ҳам ресурслари камайиб боради.

Аҳоли даромадини оширишнинг энг яхши йўли бу – иш ўринларини кўпайтириш. Сиз Ўзбекистон ҳукумати олдида турган мана шу энг катта масалалардан бири бўйича қандай келажакни кўрасиз. Ҳукумат иш ўринлари яратиш борасида яқин ва ўрта келажак учун нималар қилиши керак?

— Албатта, халқимизга хос меҳр-саховат ва хайрия тадбирлари бугунги кунда қанчадан-қанча оилалар ҳаётига ёруғлик олиб кираётгани таҳсинга лойиқ. Тўғри айтасиз, фуқароларимизни фақатгина бу каби тадбирлар билан юзага келган шароитдан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас.

Ҳозирги шароитда мавжуд иш ўринлари ва ойлик даромадларни сақлаб қолиш муҳим омил ҳисобланади ва бу борада давлат томонидан амалий чора-тадбирлар йўлга қўйилди. Касаначилик, мавжуд томорқа хўжалигидан оқилона фойдаланиш, фуқароларни уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этиш ҳам эътибор марказимизда бўлиши керак. Ишлаб чиқарилган товарларни марказлашган ёки давлат харидлари орқали сотиб олиш орқали аҳолини рағбатлантириш мумкин бўлади. Бу эса, ўз навбатида, четдан импорт қилиш мумкин бўлган товарларни ўзимизда ишлаб чиқариш билан бирга, ортиқча маҳсулотни экспорт қилиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, молиявий ресурсларни янги инвестицион лойиҳаларга эмас, мавжуд лойиҳаларнинг самарадорлигини оширишга қаратиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Энг асосийси, ҳар бир фуқаро халқимиз бошига келган бу синовни енгиб ўтишимизнинг асосий қаҳрамони эканини теран англаб олиши зурур бўлади. Лекин, қандай қаҳрамон бўлиш – салбий ёки ижобий бу хатти-ҳаракатимизга боғлиқ.

Бу жараёнда Парламент ва унинг депутатлари олдида ҳам муҳим вазифалар турибди. Биринчи навбатда, маҳаллий вакиллик органлари депутатлари билан ҳамкорликда ўзи сайланган округ ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўрганишлар олиб бориб, тегишли таклифлар тайёрлаши лозим бўлади. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий таркиби, уларнинг меҳнат қилишга бўлган лаёқатидан келиб чиқиб, ўрнатилган карантин талаблари асосида даромад манбаларини яратиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам депутатлар олдида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

— Айни шароитда, сизнингча, давлат кимни қўллаши керак – халқнинг муҳтожликдан қийналаётган қисминими ёки бизнесни? Давлат ҳозирги вазиятда қайси позицияни танлаши керак ва нега?

— Тасаввур қилайлик, сизнинг 6 кишилик (улардан 3 киши меҳнат қилиш лаёқатига эга) оилангиз тасарруфида 1 млрд сўм миқдорида маблағ бор. Номаълум муддатга изоляцияга олинишингиз натижасида оилангиз доимий даромаддан айрилди. Бундай шароитда сиз маблағдан қандай фойдаланасиз?

Олдингизда маблағни банкка омонат сифатида жойлаштириш, акция сотиб олиш, ишлаб чиқарувчилар билан келишган ҳолда касаначилик асосида уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқариш, сармояни шахсий эҳтиёжлар учун сарфлаш каби бир қатор вариантлар юзага чиқади. Шу маънода, давлат олдида ҳам бир қатор танловлар турибди.

Давлатимиз раҳбарияти ҳозирги шароитда тўғри позицияни танлади, деб ҳисоблайман. Негаки, мавжуд ишлаб чиқарувчи ва ҳатто энг катта йўқотишларга учраётган хизмат кўрсатиш каби соҳаларга иқтисодий инструментлар билан ёрдам кўрсатиб, давлат бюджетига солиқлар тўлаш орқали ўз ҳиссасини қўшаётган аҳолининг иш ўринларини сақлаб қолишларига ёрдам қилмоқда.

Халқимизда «Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди», деган нақл бор. Агарда унча катта бўлмаган бюджетимизни халқимиз эҳтиёжларига сарф этишга йўналтирсак, ноқулай вазиятга тушиб қолишимиз тайин. Бундан ташқари, яширин иқтисодиётда фаолият юритаётган фуқаролар ва мигрантлар ҳисобидан кун кечираётган оилалар тақдирини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.

Бундай шароитда карантин сабабли ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қилган ҳолда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятига эътибор қаратиш муҳим ўрин тутади. Жумладан, дунё бўйича талаб ошиб бораётган формацевтика, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар фаолиятини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

 Пандемиянинг иқтисодий таъсир чораларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ташқи қарзларга мурожаат қилмоқда. Бу борада фикрингиз қандай, давлатнинг ташқи қарзларга мурожаат қилиши қанчалик хавфсиз?

Ўзбекистон қандай имтиёзлар ва мажбуриятлар билан қарз оляпти ва бу қарзларни қанчалик самарали сарфлай олади?

— Марказий банк маълумотларига кўра, 2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 24,4 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 15,8 млрд доллар – давлат, 8,6 млрд – хусусий сектор қарзи ҳисобланади. Бу – ЯИМга нисбатан 42 фоизни, давлат қарзи эса 27 фоизни ташкил этади.

Давлат қарзининг таркибида 1 млрд АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистоннинг евробондлари улушига тўғри келади. Ушбу облигацияларнинг эмиссия қилиниши билан иқтисодиётимиз тарихида янги босқич амалга оширилди, сабаби унга қадар мамлакатимиз халқаро фонд бозорларидан маблағлар жалб этган эмас эди. Бунинг асосий омилларидан бири – Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатини амалга ошираётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчиси – мамлакатимизни суверен кредит рейтингига эга бўлиши билан изоҳланади.

Умуман, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ташқи қарзини ЯИМга нисбатан кўра 55 фоизгача жалб этишни мўътадил ёки барқарор деб баҳолашини маълум қилган. Демак, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ташқи қарз жалб этиш имконияти бор.

2020 йил апрель ойида эълон қилинган Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли кредит рейтингини «BB-» (барқарор) даражада эканлиги муҳим ҳисобланади. Ушбу ҳолат Ўзбекистонга қўшимча ташқи маблағларни жалб этишга имконияти мавжудлигини англатади.

Шунингдек, олтин-валюта захирамиз импортни камида уч ой давомида қоплашига етишини инобатга олсак, биз ташқи қарзни бемалол жалб этишимиз мумкинлигини таъкидлаш лозим.

Ташқи қарзни биринчи навбатда давлат дастурларини ва давлат зиммасидаги ижтимоий вазифаларни молиялаштиришга йўналтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Айниқса, солиқ тушумлари бўйича берилаётган таътиллар даврида жалб этиладиган қарз маблағларини бюджет даромадлари ўрнини тўлдириш учун фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида: «Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш зарур. Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади», деган эди.

Демак, ташқи қарзни макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳолатини инобатга олган ҳолда жалб этиш давлатимиз томонидан ҳам алоҳида эътиборга олиниши белгиланмоқда. Ташқи қарзни мўътадил даражасини таъминламасак, келажакда макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир этиши мумкин.

Ушбу саволингизга хулоса ясайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг айни пайтда ташқи қарз олиши масаласи муҳим. Чунки пандемия давридаги иқтисодий ҳаракатсизлик ҳолатида ялпи талаб ва ялпи таклифни таъминлаш орқали иқтисодий фаолликни минимал даражасида сақлаб туришга имкон беради. Таъкидлаш лозимки, ҳукумат томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ушбу олинадиган қарзларни самарали ишлатилишига кафолат бўла олади, деб ҳисоблайман.

— Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграциялашуви борасида кўп гапирилмоқда. Президент Мирзиёев бир неча чиқишларида Ўзбекистон ташкилотга кузатувчи аъзо бўлиб кириши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Бугун ҳам парламентда бу масала муҳокама қилинганидан хабаримиз бор. Айтинг-чи, айни пайтдаги яқинлашув пандемия туфайли оғир аҳволда турган иқтисодиётимизга қандай таъсир ўтказади?

— Албатта, президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиши борасида бир қатор таклифларни ўртага ташлади.

Жумладан: «Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак», дея алоҳида таъкидлади.

Ушбу мурожаатнома моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги учта ҳолат билан акс этиши мумкин. Биринчиси – ҳозирги ҳолатда давом этиш, иккинчиси – кузатувчилик мақомида бўлиш, учинчиси – аъзо бўлиб кириш.

Саволга тўхталадиган бўлсак, ҳали Ўзбекистон позициясини қандай бўлиши учун якуний қарор қабул қилинмади. Бунинг учун айни вақтда таҳлиллар амалга оширилмоқда ва ушбу таҳлиллар, олинган илмий-амалий хулосалар асосида якуний қарорга келинади, деб айтишимиз мумкин.

Энди қайд этиб ўтган ҳолатларимиз бўйича ҳолатларнинг биринчи ва учинчиси юзасидан атрофлича тўхталиш зарур эмас, деб ўйламаймиз. Сабаби – биринчи ҳолат бўйича Ўзбекистоннинг халқаро бозорга чиқиши ёки интеграцион жараёнларга қўшилиши ўзгармай қолади. Учинчи ҳолат бўйича эса, Ўзбекистонинг интеграцияга қўшилиши назарда тутилади. Бунда Ўзбекистонинг иқтисодий манфаатлари, ютуқлари ва шу билан бирга юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий йўқотишлар тўғрисида кўплаб фикрлар билдирилди ва мақолалар эълон қилинди.

Навбатдаги позиция – бу кузатувчилик мақомини олиш. Агар Ўзбекистон кузатувчилик мақомида фаолиятни амалга оширадиган бўлса, мазкур ҳолат аъзо мамлакатлар билан ташқи савдони амалга оширишда ҳеч қандай иқтисодий оқибатлар ёки келишувларни юзага чиқармайди.

Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, кузатувчилик дегани ташқи савдо юзасидан Ўзбекистонга маълум мажбуриятларни олиб келади, дегани эмас. Бошқача айтганда, Ўзбекистон кузатувчилик мақомига эришиши ҳозирги инқироз даврида бўладими ёки ундан кейинги даврда бўладими, иқтисодий таъсири мавжуд бўлмайди.

Бизнингча, пандемия шароитидаги инқироз Ўзбекистоннинг турли иқтисодий иттифоқларга ёки ташкилотларга кузатувчи бўлиб кириши билан чуқурлашиши ёки бартараф этилишига шарт-шароит юзага келмайди. Ваҳоланки, иқтисодий инқирозни бартараф этилиши Ўзбекистон томонидан кўрилаётган инқирозга қарши чоралар дастури ва карантин даврида ижтимоий қоидаларга амал қилиниши билан боғлиқ, деб ҳисоблаймиз.

Шу ўринда Ўзбекистон учун кузатувчилик мақоми қандай афзалликлар бериши мумкинлигини қайд этиб ўтсак.

Биринчидан, кузатувчи мақоми мамлакатимиз учун иқтисодий мажбуриятлар ва салбий ҳолатларни юзага келтирмайди.

Иккинчидан, ЕОИИ аъзо давлатларининг ягона қарорларини ўрганиш ва уларни бевосита кузатиш имкони вужудга келади.

Учинчидан, ЕОИИ давлатлари мажлислари маълумотларини бевосита олиш (керак бўлса, бевосита иштирок этиш) ва уни Ўзбекистон шароитидаги макроиқтисодий жиҳатдан таҳлилини амалга ошириш учун бирламчи манба юзага келади.

Тўртинчидан, кузатувчилик мақомидан сўнг ЕОИИга аъзо бўлиб кириш ёки кирмаслик мажбурияти мавжуд эмас.

Хулоса қилиб айтганда, ЕОИИ билан муносабатларни амалга оширишга доир қарорнинг қабул қилиниши бу борадаги музокара ва тадқиқотларни объектини аниқ белгилашга асос бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

  • Кўрилди
    628
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+