“Қаҳрамонлик”лар фақат халқ ва давлат манфаатлари учун ишлатилиши керак эмасми?

17.04.2020, 21:42

“Қаҳрамонлик”лар фақат халқ ва давлат манфаатлари учун ишлатилиши керак эмасми?

Барчамиз синовли давр қаршисида турибмиз. Бугун ҳар биримизнинг хатти-ҳаракатимиз инсонийлик чегарасини бузиб ўтмаслиги шарт! Айни  синовли бир паллада Наманган вилоятида ички ишлар ходими ва депутат ўртасида нохуш ҳолат юз берди. Ҳозирги вазият шифокорлар ва ички ишлар ходимларига бўлган ҳурматни, эъзозни, қадрни ҳар қачонгидан юксалтириб юборди. Сабаби оддий: улар бугун фидойилик намунаси бўлмоқда. Туну кун бирлари беморлар соғлиги, умрини асраб қолиш учун ҳаракат қилаётган бўлса, бирлари халқимиз саломатлиги, ҳаёти муҳофазаси учун хизмат қилмоқдалар. Биз оиламиз бағридан, фарзандларимиз меҳридан қувониб уйда қолаётган бир паллада улар оила, яқинлари дийдорини ҳафталаб, ойлаб кўрмаяптилар. Нима учун? Бизнинг саломатлигимиз. пандемия тарқалишини олдини олиш, бугунни, келажакни асраб қолиш учун! Шунга қарамасдан халқ вакили томонидан орган ходимларига нисбатан қилинган ножўя хатти-ҳаракат бизни таажжубга солди.

Ким бўлишидан қатъи назар айни вазиятда сизу бизнинг муҳофазамизга қалқонларга қўл кўтаришга, уларга паст назар билан қарашга, ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! “Мен депутатман!” дея кўкрак кергунча, ўша одам бу мақомнинг нақадар олийлигини, нақадар камтарлигини билиб олмабдида! Аслида (уни депутат дейишга уялдим) бошқаларга ўрнак бўлиши, ибрат кўрсатиши керак эди. Муомала маданиятидан йироқ бир шахсга қонун чегараларини топташга ким ҳуқуқ берди? Депутатлик ваколатими? Асло! Мен ҳам депутатман, мен ҳам у қатори сайловчилар ишончи билан сайланганман. Биз халқ вакилимиз, аҳоли ва давлат ўртасида кўприкмиз. Депутатки, давлат “одами”ни уриб турса, эртага шундай ишни қилган оддий фуқарони тартибга чақирганимизда, бундай ҳолатлар ўзимизга тарсаки бўлиб тушмаслигигига ким кафолат беради?

Қонун талабларини, ҳукуматнинг кўрсатмаларини бажаришда илк намунани биз кўрсатишимиз зарур. Қўполлик, кимнидир обрўсизлантириш билан ваколатидан фойдаланиш аслида кўрнамаклик, халқнинг, давлатнинг ишончига оёқ босиш билан баробар!

Хайдар Ураков,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят

кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    588
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+