Бировни кўриб фикр қил, бировни кўриб шукур қил....

18.04.2020, 11:34

Бировни кўриб фикр қил,  бировни кўриб шукур қил....

Бировни кўриб фикр қиладиган, бировни кўриб шукур қила оладиган халқмиз, - дейди Саухунобод туман Кенгаши депутати Улуғбек Ниязов.

Бугунги ғоятда мураккаб вазият бизни халқимиз тилида айтганда фикр қилишга, ўтаётган ҳар бир кунимизга шукур қилишга ўргатяпти. Барчамиз соғлиқ нечоғлик катта бойлик эканлигини қалбан ҳис қилаяпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизни бу кутилмаган офатдан эсон-омон олиб чиқиш учун барча чоралар кўриляпти. Буни қалбан тушуниб етган инсонлар Прездентимиз бераётган йўл-йўриқлар асосида иш тутишга ҳаракат қилишмоқда.

Қишлоқ жойларда аҳолининг асосий вақти, ишловчиларнинг бўш вақти томорқада ўтади. Бугунги мураккаб вазиятда Сайхунобод тумани аҳолиси бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмай экин экишга, маълум даражада оиласи бюджетини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, шундай оилалар борки, улар нафақат ўзларининг дастурхонларининг тўкин-сочин бўлиши, балки эл маъмурчилигига ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда. Буни биргина туманинг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Рўзиевлар хонадони мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тошкент шаҳридан келин бўлиб тушган Карима ўзи тушган хонадон томорқасини кўриб кўнгли яшнагани бежиз эмасди. У турмуш ўртоғи Атхам Рўзиевга хонадон томорқасида  иссиқхона ташкил қилиш ва лимончилик билан шуғулланиш таклифини берди. Кариманинг қатъияти билан бошланган иш биринчи йили самара бермади. Иккинчи йили ҳам лимончилар кўзланган натижага эриша олмадилар. Лекин Карима лимончилик сирини обдон ўзлаштиришдан чарчамади. Лимончиликка оид қўлланмаларни ўқиб, лимончилардан лимончиликнинг сир-синоатини ўрганиб борди. Ваниҳоят учинчи -тўртинчи йилларда оила аъзолари кўзланганидан ҳам зиёд натижаларга эриша бошлашди.

Аслида Рўзиевлар тўрт ака-ука. Атхамнинг укалари Анвар, Ҳайитали, Акрамлар  турли касб-кор соҳиблари. Лекин шунга қарамай Анвар,Ҳайитали, Акрам Рўзиевлар оиласи аъзолари ўтган йиллар мобайнида акаларидек ҳар бир қарич ердан  унумли фойдаланишнинг ҳадисини олишди. Бугунги кунда Ҳайитали ва Атхам Рўзиевлар хонадонида (ҳар иккисида 6 сотихдан) ташкил этилган лимонарийга барчанинг ҳаваси келади. Шунинг баробарида Анвар ва Акромлар ҳам ўзларининг 3-4 сотихлик томорқаларини яшнатиб, помидор, бодринг, булғор қалампири каби бир қатор қишлоқ хўжалик экинларидан ҳосил олиб ўз хонадонларига барака киритишмоқда, рўзғордан ортганини эл дастурхонига тортиқ қилишяпти.

-Лимончиликни 1 сотих майдонда бошлаган бўлсак, бугунги кунда уни 6 сотихга айлантириб йилига 15-20 миллион сўм миқдорида даромад олишга эришаяпмиз,-дейди Атхам Рўзиев.-Мен туман газлаштириш идорасида слесарь бўлиб ишлаганлигим боис исиқхонадаги ишлар билан асосан турмуш ўртоғим шуғулланади. Шу вақтга қадар мен ва ўғлим фақат бўш вақтларимиздагина лимонарийга кириб бироз қарашган бўлардик. Бугунги  синовли кунларда эса асосий вақтимизни лимонларимизни агротехника талаблари асосида парвариш қилиб янада кўпроқ ҳосил олишга сарфлаяпмиз . Бир парча очиқ қолган ерга ҳам у ёки бу экинларни экиб, ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Президентимиз таъкидлаганларидек  мақсадимиз бу йил ҳар қачонгидан ҳам мўл ҳосил олишга эришиш.

Бизнинг ана шундай меҳнаткаш, заҳматкаш халқимиз бор. Улар юртимизда минглаб, миллионлаб. Улар бугунги энг оғир дамларда ҳам тушкунликка берилмай, ўзларини йўқотмай ҳар бир кун , ҳар бир соатидан  унумли фойдаланишяпти. Чунки барчамизда  пандемиядан эсон - омон қутилишимизга ишонч бор, юртимизга бўлган садоқат ҳисси кучли.

Энг муҳими биз бировни кўриб фикр қиладиган, бировни кўриб шукур қила оладиган халқмиз.

                           Улуғбек  НИЯЗОВ,

 Сайхунобод туман Кенгаши депутати.

 

  • Кўрилди
    559
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+