Томорқангизга нима экдингиз, оғайни?

19.04.2020, 17:03

Томорқангизга нима экдингиз, оғайни?

Шу кунларда кўпчилик вақтини асосан оила даврасида ўтказяпти. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга хонадонидаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият.

Аммо томорқада маҳсулот етиштириш учун бировда имконият бор, бошқасида йўқ. Шуни инбоатга олиб, жойларда депутатлар ўзлари сайланган ҳудудларда аҳолининг томорқаларидан фойдаланишдаги тажриба-ю муаммолари, уларнинг иш билан бандлиги, коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин тартиб-қоидаларига қай даражада амал қилинаётганлигини ўрганмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари Оқдарё туман кенгаши депутати З.Ҳусанов Ойтамғали маҳалласида мавжуд аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қилинаётган ишларни кўздан кечирди, уларга кўмак берилишини таъкидлади.

- 6 сотих томорқам бор, - дейди шу маҳаллада яшовчи Ҳусан Қурбонов. - 2 сотих ерга эртанги картошка экканман. Қолган ерга жўяк тортиб қўйдик: рўзғорга керакли экинлар экамиз. Томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандларимиз тарбиясидаги роли ҳам катта эканини яхши англайман. Чунки томорқамизда болаларимиз ҳалол меҳнат қилиб, ўз кучи билан даромад топишни ўрганмоқда. Очиғи, деҳқончилик қилиб кам бўлмадик, оила аъзоларимиз бандлигини таъминладик, уйимизни қайта таъмирладик. Буларнинг барчаси томорқамиздан олаётгани даромадимиз самараси.

Каттақўрғонлик депутатлар ҳам аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб, томорқалардан самарали фойдаланиш, карантин вақтида уйда ўтириб, бўш вақтдан унумли фойдаланган ҳолда фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш,  зарур бўлмаса кўчага чиқмаслик, уй-жойини тоза тутиш, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини тушунтиришди. Халқ депутатлари Каттақўрғон туман кенгаши депутат Р.Жўраев шу мақсадда Баландравот маҳалласида бўлди.

- Ихтиёримизда 6 сотих ер майдони бор, -  дейди Қилич қишлоғида яшовчи фуқаро Садоқат Аҳмедова. - Асосий майдонга картошка ва турли кўкатлар экилган. Бўш турган 1,5 сотих майдонга экиш учун 400 туп помидор кўчатлари олиб беришда Р.Жўраевнинг кўмаги катта бўлди. Насиб бўлса, рўзғоримиздан ортган картошка, кўкат ва помидорни бозорга чиқарамиз.

Депутатлар ўрганишлар давомида томорқа эгаларига кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир аъзога (оилага) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари (2 230 000 сўм) миқдоригача енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун тумандаги томорқа хизмати, бандликка кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида беғараз қайтариб олмаслик шарти асосида субсидиялар тўланиши ҳақида маълумот беришди.

  • Кўрилди
    941
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+