Бухоролик миришкорлар томорқадан қандай фойдаланяпти?

19.04.2020, 23:12

Бухоролик миришкорлар томорқадан қандай фойдаланяпти?

Муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, ер билан тиллашиш ҳеч қачон деҳқоннинг зарарига ишламаган. Халқимизда “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади” деган мақол бежиз айтилмаган. Айни карантин даврида аҳолини ўз томорқасидан унумли фойдаланишга ундаш, ернинг бир қаричини ҳам бўш қўймасдан ундан мўл ҳосил олиш муҳим масалага айланди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятига борди.   

Ишчи гуруҳ вилоятдаги ўрганишларини Бухоро тумани “Работак” МФЙ “Работак” қишлоғи ҳудудида барпо этилаётган иссиқхоналар билан танишишдан бошлади.

— Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 0.5 гектар майдонда қурилаётган мазкур иссиқхоналар 12 нафар ишсиз ёшларга имтиёзли кредит асосида берилади. Ҳар бир ёшга 4 сотих ҳажмда тақсимланадиган иссиқхонлар ёшларнинг оила аъзолари билан даромад қилишига етади. Фақат меҳнат қилишса бўлгани, — дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Бухоро туманида ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Жўрабек Шаропов. — Шунингдек, 3 гектар майдонни 60 нафар ишсиз, камбағал оилаларга бериш ишлари бошлаб юборилган. Ана шундай оилаларнинг рўйхати шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур учрашувлари давомида “Янги шаҳар” кўчасида яшовчи яна бир хонадонда бўлишди. Деҳқончилик ҳадисини олган бу оила вакиллари 2019 йилда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида 90 миллион сўм кредит олиб, 11 сотих майдонда иссиқхона ташкил этган.  

—Иссиқхонага дастлаб булғор қалампири экиб, ундан яхшигина даромад олгандим, — дейди томорқачи. — Январь ойида 3 сотихга эккан картошкамдан ҳозирга қадар 8 млн сўм фойда қилдим. Ҳозирда ҳосилни қолганини аҳолига арзон нархларда сотяпман. Қолаверса, 8 сотих иссиқхонада помидор етиштиряпман.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида ишчи гуруҳ аъзолари бу иш тажрибасини барча хонадон ва маҳаллаларда кенг тарғиб этиш кераклигини таъкидладилар.

Ромитан тумани, “Чандир” МФЙ ҳудудида яшовчи  Мажид Тошев ўз томорқасининг 4 сотихида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 28 млн сўмлик имтиёзли кредити эвазига иссиқхона барпо этган. Айни дамда у иссиқхонада етиштирилган эртаги картошкани арзон нархларда ички бозорга сотяпти.

–Апрель ойининг охирларида бодринг экишни мўлжаллаб турибман”, – дейди М.Тошев. –Бундан ташқари, 4 сотихлик очиқ майдонда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан берилган қулупнай кўчатларини етиштиряпман.

Унинг ҳамқишлоғи Баҳодир Тошевнинг қилаётган ишларига ҳам ҳавас қилсанг арзийди. У Хитой технологияси усулида ташкил қилган иссиқхонасида банан ва лимон кўчатларини парваришлаяпти.

Партия вакиллари хонадон эгалари билан мулоқотлари чоғида халқимиз бошига тушган бу синовли кунлар тез орада ўтиб кетишини айтиб, томорқанинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Республика ишчи гуруҳининг аҳоли томорқаларига баҳорги экинларни экиш бўйича ҳолатларини ўрганиш жараёнлари давом этмоқда.

 O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    943
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+