Республика ишчи гуруҳи Сурхондарёдаги томорқаларни кўздан кечирди

20.04.2020, 20:15

Республика ишчи гуруҳи Сурхондарёдаги томорқаларни кўздан кечирди

Карантин даври бўлишига қарамай, Сурхондарёда баҳорги дала ишлари, томорқада мева-сабзавотларни етиштириш тўхтагани йўқ. Ернинг тилини биладиган воҳаликлар тер тўкиб, томорқаларида меҳнат қилишмоқда. Куни кеча вилоятга ташриф буюрган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари ҳам бунга гувоҳ бўлишди. Ишчи гуруҳ аъзолари воҳадаги деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганишди.

Айтиш керакки, ҳозирда воҳада давлат ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган ерлардан ташқари, аҳолининг 49 минг 900 гектардан ортиқ шахсий томорқа ер майдонлари ҳам мавжуд. Ҳозирги шароитда ерни қадрлаган, унга меҳр қўйган миришкор воҳаликлар томорқасида ўз истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотларни етиштириб, бундан яхшигина қўшимча даромад қилиб келмоқда. Бундан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, пиллачилик билан шуғулланиб, рўзғорига барака киритмоқда.

Мисол учун Ангор туманидаги «Юқори таллимарон» маҳалласида яшовчи Ҳамид Юсупов томорқасининг 9 сотих майдонида 2 та иссиқхона ташкил этган. Унда помидор ва булғор қалампири етиштириб, самарали меҳнат қилмоқда.

— Биринчи экиннинг ўзидан 30 миллиондан ортиқ даромад олдим, — дейди Ҳамид Юсупов. — Ҳозирда иккинчи экин сифатида экилган саримсоқ пиёзни парваришлаяпман. Бундан ташқари, маҳалламизда яшовчи аҳоли томорқасининг умумий майдони 198 гектарни ташкил қилади. Бу ҳудудда етиштирилган маҳсулотлар туман аҳолисини ҳамда бошқа вилоят ва қўшни давлат аҳолиси учун ҳам етиштирилиб, етказиб берилмоқда. Ҳозирги кунда ҳудудда 102 та иссиқхона мавжуд бўлиб, уларда помидор, бодринг, булғор қалампири, ва бошқа турдаги полиз экинлари экилган.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида ишчи гуруҳ аъзолари бу иш тажрибасини барча хонадон ва маҳаллаларда кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидлашди.

Жарқўрғон туманида ҳам 34 минг 265 та хонадоннинг 4 минг 300 гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Ердан унумли фойдаланиш бўйича катта тажриба тўплаган жарқўрғонликлар ер майдонида барча турдаги ноз-неъматлар парваришланмоқда. Айни пайтда бу ерда булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, пиёз, сабзи, саримсоқпиёз, картошка сингари маҳсулотлар пишиб етилган. Томорқалардан олинган ҳосилнинг ортгани бозорларга чиқарилаяпти.

— Бугун давлатимиз раҳбари ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни энг биринчи масала сифатида кўндаланг қўймоқда, — дейди O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев. — Шуни ҳисобга олган ҳолда воҳада аҳоли томорқаларининг 26,5 минг гектарига эртаки, қолган майдонларга ўртаки ва тўқсонбости зироатлари экилган. Албатта, натижада жорий йилда сурхондарёлик томорқа ер эгалари 346 минг тонна сабзавот, 60 минг тонна полиз, 106 минг тонна картошка, 3,8 минг тонна дуккакли ва 36 минг тонна бошқа турдаги маҳсулотларни йиғиб олишади. Уларнинг 376 минг тоннаси ички истеъмолга йўналтирилса, 559 минг тоннаси ички бозорларга чиқарилади. 307 минг тонна турли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эса хорижга экспорт қилиниши кутилмоқда.

Партия ишчи гуруҳ вакиллари бошқа туманлардаги хонадонларнинг ҳам томорқаларини бориб кўришди ва уларга томорқанинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Республика ишчи гуруҳининг аҳоли томорқаларига баҳорги экинларни экиш бўйича ҳолатларни ўрганиш жараёнлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    890
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+