Томорқадан самарали фойдаланиш бугун нима учун муҳим?

21.04.2020, 12:21

Томорқадан самарали фойдаланиш бугун нима учун муҳим?

Сўнгги пайтларда аҳолининг ўз томорқаси билан боғлиқ турли мунозаралар, муҳокамалар,айниқса, ижтимоий тармоқларда кўплаб кузатиляпти. Хўш, нима учун томорқадан фаол фойдаланиш муҳим? Бугун дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият қандай? Қуйида шулар хусусида фикр юритамиз.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бундан бир неча ой олдин дунёнинг 820 миллиондан зиёд аҳолиси оч ҳолда ухлаш мажбурлиги ҳақида маълумот берган эди. Бугунги кунда эса озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича экспертлар томонидан коронавирус туфайли бу кўрсаткич икки баробар ошиб, 1,5 миллиарддан ошиши мумкинлиги айтмоқда. Бу дунё аҳолисининг ҳар беш нафардан бир нафари очликка дуч келади, дегани. Шу боис Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Донгю Ку, ҳукуматларни аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун барча чораларни кўришга чақирган ва инқироз даврида қатъий назорат нормал ҳолат эканлигини таъкидлаган. Яқинлашиб келаётган кризис даврида қисқа муддатли кескин чоралар кўриш йўли билан бўлса ҳам қишлоқ хўжалигига эътиборни кучайтириш ва озиқ-овқат етиштиришни таъминлашга даъвт этган. Бинобарин, ФАОнинг ҳисоботига кўра, 2020 йил баҳорининг ўзида савдо занжирларидаги узилишлар ҳисобига дунё аҳолиси озиқ-овқат борасида жиддий муаммолар бошланиши мумкин экан.

Бундан ташқари, экин экиш мавсумида қишлоқ хўжалигида банд бўлган одамларнинг аксарияти карантин шароитида қолаётгани ҳам дунё бўйлаб озиқ-овқат етиштиришга ўз салбий таъсирини кўрсатиш эҳтимоли бор. Масалан, Франция қишлоқ хўжалиги вазири Дидье Гийом Франция қишлоқ хўжалиги катта талафот кўриши ҳақида огоҳлантирди. Шунга қарамасдан, айни пайтда Францияда қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган 200 минг кишининг атиги 40 минги далада ишлаяпти. Бу ушбу давлатнинг қишлоқ хўжалиги учун энг муҳим давр, яъни экин экиш мавсумини бой бераётганидан далолат беради. Бундай ҳолат кўплаб мамлакатларда кузатиляпти.

Умуман, кўплаб давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, стратегик маҳсулотлар экспортини чеклашга ўтаяпти, иқтисодий ривожланган давлатлар импортни ошириш ҳисобига ўз заҳираларини мустаҳкамламоқда. Мисол учун, куни кеча Евроосиё иқтисодий иттифоқи ун, гречка, гуруч ва қатор маҳсулотлар экспортини тўхтатди. Иттифоқ таркибига кирувчи Россия ва Қозоғистон ун экспортчилари орасида дастлабки ўнтакликка киришини инобатга олсак, дунё бозорлари катта танқисликка учрашини тахмин қилиш қийин эмас.

Дунёда учинчи йирик гуруч маҳсулоти экспортчиси Вьетнам ҳам ўз заҳирасини тўлдириш мақсадида экспортни 7 баробар  камайтирган. Дунё бозорига эндиликда Вьетнам 5,4 миллион тонна эмас, бор-йўғи 800 минг тонна гуруч экспорт қилаяпти. Оқибатда дунё бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг фьючерс нархлари ошаяпти. Нуфузли тадқиқот марказлари ҳам  яқин ойлар ичида дунё бозордарида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиши ҳақида бонг ураяпти.

Ўзбекистон нуқтаи назаридан ушбу ҳолатга икки фокусда қараш мумкин. Биринчидан, бу, шубҳасиз, юртимиз озиқ-овқат бозорига ўз таъсирини ўтказади. Чунки биз шакар, картошка, гречка, ўсимлик ёғи каби стратегик маҳсулотларнинг катта қисмини ва қисман унни четдан импорт қиламиз.

Иккинчи томондан эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ҳам иқлими, ҳам шароити қулай бўлган Ўзбекистон учун бу катта иқтисодий имконият. Яъни, аввало, Ўзбекистон аҳолисини доимий равишда арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, ортган қисмини экспорт қилиш ҳисобига юқори даромад олишимиз мумкин.

Қувонарлиси, Ўзбекистон раҳбарияти бундай рисклардан яхши хабардор ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан жиддий шуғулланаяпти. Президентимиз ҳукумат олдига озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш, заҳираларни мустаҳкамлаш борасида  бир нечта муҳим вазифаларни қўйди. Шу билан бирга, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, мева сабзавотларини етиштириш, ўз томорқаларидан фаол фойдаланишларига жалб қилиш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Асосийси, томорқадан фойдаланиш ортида турган қатор муаммолар, жумладан, сув танқислиги, арзон нархларда ўғит ва сифатли уруғ етказиб бериш масалалари бўйича ҳам давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар зиммасига  муҳим вазифалар юклатилди. Шундай қилиб, ҳукумат олдида 2020 йилда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2 баробар ошириш, қорамол боқиш бўйича 74 та оилавий кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, ҳар бир оилага парранда боққан даври учун 500 минг сўмдан рағбатлантириш, асал ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробар кўпайтириш, бунинг учун хонадонларга асалари уяларини тарқатиш бўйича вазифалар ижроси турибди.

Охирги уч ойда Ўзбекистонга кириб келаётган ун ҳажми 50 фоиз, дон импорти эса 31 фоиз камайгани ҳисобга олиниб, қишлоқ хўжалиги вакиллари бу мавсумда ғалла ҳосилдорлигини қўшимча 20 центнер кўпайтириш, гектаридан камида 70 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпти. Шунингдек, 10 минг гектар янги боғ ва 9 минг гектар токзорлар орасига картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат, нўхат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири ва полиз экинлари экиш чоралари кўриляпти.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда яқин икки – уч йил ичида озиқ-овқат билан боғлиқ иқтисодий позициясини янада яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракталардир. Зеро, Осиё тараққиёт банкининг сўнгги прогнозида ҳам Ўзбекистон ўз иқтисодиёти 2020 йилда, шу жумладан, қишлоқ хўжалигидаги фаоллик ҳисобига кўтариши мумкинлигини қайд этилган. Хуллас, тарихдан маълум, инқироз даврида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат етиштиришга кўпроқ эътибор қаратилади. Бундай пайтда талаб ҳам, нархлар ҳам ошади. Энг асосийси бу билан қишлоқ хўжалиги рақобатдошлигини оширишга имконият туғилади. Яъни тармоқни янада риовжлантириб олиш мумкин.

 

Бобур БЕКМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+