Депутат: Ҳозирги вазият қанчалар жиддий, оғир ва масъулиятли эканини унутмайлик

21.04.2020, 12:49

Депутат: Ҳозирги вазият қанчалар жиддий, оғир ва масъулиятли эканини унутмайлик

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналар барқарор ишлашини таъминлаш энг муҳим ва устувор масалага айланди. Зеро, айни дамда ҳамма жойда савдо алоқалари, кўплаб хизматлар тўхтаб қолган.

Шу маънода мамлакатимизда ушбу инқироз иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёзлар берилди. Боиси бугун юртимизда фаолият юритаётган корхоналарда қанчадан-қанча ёшлар меҳнат қиляпти, кўплаб оилалар даромад топмоқда.

Хорижий тажриба таҳлилининг кўрсатишича, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва аҳоли даромадларининг юқори даражасини таъминлашда оилавий тадбиркорликнинг аҳамияти ва роли муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда кичик бизнеснинг аксарият қисми оилавий корхона шаклида фаолият юритади. Мисол учун, Европа мамлакатларида ялпи миллий маҳсулотнинг 40-50 фоизини, Осиё мамлакатларида 65 фоиздан 82 фоизгача, АҚШ иқтисодиётида унинг улуши 95 фоизни ташкил этади. 

Шунингдек, оилавий бизнес ва тадбиркорлик ер юзидаги ресурсларнинг деярли 30 фоизи оилавий корхоналарда иш билан банд. Жумладан, АҚШда иқтисодиётда банд бўлганларнинг 62, Германияда ишчиларнинг 66, Швецияда ишчиларнинг 61 фоизи оилавий корхоналарда фаолият юритади. Италияда 70 фоизга иш ўринларининг ишчилар сони 50 кишидан ошмайдиган кичик корхоналарда яратилади. Оилавий бизнес соҳасида ишлайдиганлар иқтисодиётда банд бўлганларнинг 40 фоизини ташкил этади.

Лондон иқтисодиёт мактаби экспертларининг баҳолашича, агар оилавий корхонада бошқарув тўғри йўлга қўйилиб, тўғри ташкил этилса, оилавий бизнеснинг самарадорлиги бошқа шаклдаги корхоналардагига қараганда ўртача 10-12 фоиздан юқори ижобий натижа бериши мумкин экан.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги уч йилда оилавий тадбиркорликни салмоғи ортиб, ҳозирги кунга келиб республикамизда рўйхатдан ўтган жами корхона ва ташкилотларнинг 7,2 фоизини ташкил этмоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига асосланган ҳолда 2020 йил 1 март ҳолатига кўра юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган оилавий корхоналар 31606 тани ташкил этиб, шундан 29 952 таси ҳозирда фаолият юритиб келмоқда.

Оилавий тадбиркорликни фаолият турлари бўйича таҳлил қилганимизда энг салмоқлилари савдо – 26 ва саноат –33 фоиз соҳаларидир. Ҳозирги пандемия билан боғлиқ вазият эса уларнинг фаолиятини тўлиқ қувватларда ишлашига халақит қилмоқда. Вазиятга тўғри баҳо беролган давлат раҳбари иқтисодий барқарорликни асоси бўлган тадбиркорлик субъектларини ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлашни жорий йил 3 апрелдаги Фармони билан давлатнинг фаол сиёсатига айлантира олди. Мазкур ҳужжатда назарда тутилган кўплаб имкониятлар пандемия натижасида иқтисодий фаоллиги сустлашган тадбиркорлик субъектларига қайта жон бағишлади.

Оилавий тадбиркорликни ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб энг самарали томони шундан иборатки, биринчидан, аҳоли ўзи яшаб турган жойда фаолият юритади,  даромадли иш билан машғул бўлади, ички бозорларни қўшимча маҳсулотлар билан таъминлайди. Иккинчидан, ўзини-ўзи иш билан банд қилади ва давлат иқтисодиётини барқарор бўлишида ўз хиссасини қўшади.

Ўзбекистон аҳолисини тарихан яшаш тарзини ҳисобга олиб қарасак минг йиллар давомида жамоавийлик, ўзаро якдиллик, оилавий ҳамжиҳатлик устунлик қилади. Шу сабабли ана шу меросий устунликдан фойдаланган ҳолда, карантин даврида аҳоли ўртасида оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Бу борада эса  барча ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан:

  • Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонлари;
  • 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги, 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги, шунингдек, 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжатлар оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи ва шуғуллагиш истагида бўлган оилалар учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Шу боис мамлакатимизда аҳолини катта қисмини айнан қишлоқ жойларида яшовчилар ташкил этишини ҳисобга олиб, шу соҳага алоҳида эътибор қаратиш, томорқалардан унумли ва самарали фойдаланиш, айниқса, бу орқали аҳоли даромадларини ошириш бугунги кунда ҳаётий заруратдир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги вазиятда ҳаммамиз бирлашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, албатта бу синовларни енгиб ўтамиз. Зеро, ҳозирги шароит қанчалар жиддий, оғир ва масъулиятли эканини унутмайлик.

Сардорбек ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    822
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+