Янги Ўзбекистон: Инсон камолоти ва иқтидори қадрланаётган юрт

23.04.2020, 12:09

Янги Ўзбекистон: Инсон камолоти ва иқтидори қадрланаётган юрт

Президентимиз шу йил 17 апрель куни “Сурхондарё вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яна бир муҳим қарорни имзолади. Унга мувофиқ, Термиз давлат университети Денов филиали негизида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳужжат шубҳасиз, вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган, воҳа тарихидаги янги саҳифа очилганидан далолатдир. Қарор билан танишар экансиз, унинг қамрови ниҳоятда кенглиги билан бирга, қўйилган вазифаларнинг аниқ ва қатъийлиги эътиборингизни тортмай қўймайди. Бошқача айтганда, зийрак ўқувчи ҳужжат устида анча тер тўкилганини дарров англаб етади. Шу боисдан мазкур қарор бутун воҳа аҳлини, айниқса, билимга чанқоқ ёшларни тўлқинлантириб юборди.

Чунончи, қарорда белгиланган сўнгги икки йилда Сурхондарё вилоятидан 7,5 мингга яқин ёшларнинг олий таълим олиш учун қўшни мамлакатларга кетганлигининг асосий сабаби уларда таълим сифатининг бизга нисбатан юқорилиги эмас, балки биздаги қамровнинг камлиги билан боғлиқдир. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатда келтирилгандек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини босқичма-босқич 50 фоизга етказиш, ҳудудларда сифатли олий таълим хизматлари кўламини кенгайтириш орқали аҳоли ва жадал ўсиб бораётган иқтисодий тармоқлар эҳтиёжини таъминлаш белгиланган. Зеро, таълим тизимида рақобат муҳитининг шаклланиши пировардда мамлакат рақобатдошлигининг гарови бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда бу масалалар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида долзарб вазифалар қаторида белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу институтнинг Сурхондарё вилоятининг аҳоли энг кўп яшайдиган, азалдан ҳунармандлик, тадбиркорлик, савдо сотиқ ривожланган, ҳудуди қадимда бир неча давлатларнинг маркази бўлган тарихий маскан – Деновда ташкил этилиши жуда оқилона тутилган йўлдир. Ҳудуднинг мавжуд салоҳияти ва қарордагиларга асосланиб бир оз илғор фикрлайдиган бўлсак, маълум вақт ўтиб, ушбу институт университет мақомига ҳам эришиши ёки иккита алоҳида, яъни тадбиркорлик институти ва педагогика институтига айланиши ҳам мумкин.

Қарорда хусусан, республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларига истиқболли ёшларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали институтнинг илмий педагогик салоҳиятини ошириб бориш, 2021 йилдан таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш назарда тутилган.

Шунингдек, бугунги кунда вилоятда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган тармоқлари учун кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш жуда муҳим. Институтга вилоятнинг Денов, Сариосиё, Узун, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасаларидаги чет тили ва аниқ фан ўқитувчиларига доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб бориш вазифаси юкланганлиги ҳар томонлама, айниқса, иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, ўқитувчиларнинг вилоят марказига 100-150 километр йўл босиб, вақт ва маблағ сарфлашининг олди олинади.

Асосий масалалардан бири бу – меҳнатга ҳақ тўлаш борасида ҳам таълим жараёнини сифатли ташкил қилиш учун малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида институт профессор ўқитувчилари ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошининг 1,5 баравари миқдорида ҳисобланиши, шунингдек, хизмат уйлари билан таъминлаш чораларини кўриш белгиланган.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, институтда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб илғор хорижий, шу жумладан, Туркия Республикаси олий таълим муассасалари билан келишув асосида қўшма таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйилишини таъминлаш белгиланган. Энди воҳа ёшларининг сарсон бўлиб, ортиқча харажатлар эвазига қўшни мамлакатларга таълим олиш учун боришларига ҳожат қолмайди, балки қўшни мамлакатлар ёшлари Деновга ўқишга келиши мумкин.

Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг тадбиркорларни ўқитиш учун вилоятда бизнес-инкубатор ташкил этиш тўғрисидаги таклифи ҳам инобатга олинганини алоҳида айтиб ўтишни истардим. Зеро, ҳар қандай тадбиркорлик ғоядан бошланади. Ёшларнинг тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш кўникмаларини шакллантириш ҳамда талабаларнинг амалиётини ташкил этиш учун бизнес-инкубаторлар жуда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Хулоса шуки, янги Ўзбекистон бу инсон камолоти ва иқтидори қадрланаётган мамлакат сифатида жаҳонга бўй кўрсатмоқда. Юксак инсон капитали, жамиятни интеллектуаллаштириш, “фуқароларни бутун умри давомида ўқитиш” моделини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасидагидек 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорга етказиш – мамлакат рақобатдошлигининг гаровидир.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    477
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+