Халқ манфаати йўлидаги вазифалар ижроси учун барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз

23.04.2020, 10:04

Халқ манфаати йўлидаги вазифалар ижроси учун барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз

Пандемия туфайли соат сайин, кун сайин ўзгараётган вазият мамлакатимиз аҳолиси бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча чоралар кўришни кун тартибига қўймоқда. Зеро, карантин чекловлари сабабли нафақат бизда балки бутун дунёда вақтинча ишсиз қолган фуқаролар кўпчиликни ташкил этмокда.

Бу холатда оқилона ва тўғри қарор қабул қилинмаса, вазият янада мураккаблашиши кундек равшан. Юртимизда коронавирус сабабли юзага келадиган муаммоли масалалар олдиндан бахоланиб, Президентимиз бошчилигида ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилинаётгани туфайли касаллик нисбатан асоратсиз кечаяпти. Қилинаётган ишлар замирида битта мақсад ётибди. Яъни ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам одамлар турмуш фаровонлигини, саломатлигини кўз қорачиғидек асрашдир.

Президентимиз раислигида шу йилнинг 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида хам касалликни енгиб ўтишда барча керакли чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш бўйича зарур топшириқлар берилди. Хусусан, тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдам бериши, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиши, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашиши бўйича ишлар якдиллик ва ўзаро ҳамжихатлик асосида фаол давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Давлат эса бундай субъектларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатини кечиктиришга руҳсат беради ёки кредит ажратади.

Қувонарли жиҳати, давлат раҳбарининг халқ манфаатларини кўзлаб қилган ҳайрли даъватига лаббай дея жавоб бераётган, хайр-саховатда бошқаларга ўрнак бўлаётган тадбиркорларимиз сафи бошқа ҳудудларда бўлгани каби Наманганда хам кенгайиб бормоқда. Мисол учун вилоятдаги “Арт софт” кластери таъсисчилари Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида 3 минг нафар оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиққанликлари кишига ғурур бағишлайди.

Шуни собит ишонч билан айтиш мумкинки, оғир дамларда бир-бирини сўзсиз тушуниш ва қўллаб-қувватлаш орқали олиб борилаётган ишлар касалликни бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига шубха йўқ.

Шунингдек, барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйилаётгани хам тахсинга сазовордир. Қолаверса карантиндан олдин ҳам ишсиз бўлган ва кунлик даромад асосида яшаб келган одамларни фаол меҳнат орқали иш билан таъминлашга ҳам алоҳида урғу берилди. Бу борада қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Таг замирида халқ манфаати ётган мазкур кўлами кенг вазифаларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди албатта. Бунинг учун барча бир ёқадан бош чиқариб ишлаши талаб этилади. Биз депутатлар аввало карантин шароитида яратилаётган имконият ва имтиёзларни халқимизга, тадбиркор ва фермерларга етказишимиз ҳамда уларни берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга ундашимиз лозим.

Бир сўз билан айтганда, белгиланган вазифаларни сифатли бажарилиши учун барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    608
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+