“Томорқанинг қадрини қадрлаган билади...”

23.04.2020, 18:48

“Томорқанинг қадрини  қадрлаган билади...”

80 ёшли онахоннинг таъбири билан айтганда “Томорқанинг қадрини қадрлаган билади, билмаган хато қилади...”

-Эсимни танибманки, томорқада ишласам роҳат оламан,-дейди Сирдарё туманидаги “1-Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини “Ўрикзор” кўчасида истиқомат қилувчи 80 ёшли онахон Қимматой Бозорова. –Бугунги кунда жами  5 нафар оила аъзоларим билан истиқомат қилаётган хонадонимизда 1 сотихга яқин томорқамиз бор. Унинг бир қаричини ҳам бўш қолдирмай рўзғор учун нима керак бўлса барчасини экиб, самарали фойдаланамиз.

Онахоннинг эътироф этишича мана шу мўъжазгина томорқа ҳам хонадонга қут - барака олиб келаяпти. Қ.Бозорова бир қарич  ҳам ернинг умрини зое  кетказмай кеч кузда томорқага пиёз, чеснок, кашнич, шивит, исмалоқ, мадор экинларини экади. Эрта баҳордан хонадон эгаларининг оғзи кўкка етибгина қолмай, бу тансиқ маҳсулот – исмалоқ ва мадордан маҳалладошлари ҳам баҳраманд бўлади.

Эртаги  экинлардан кейин томорқада гуллаб-яшнаб турган ўндан зиёд турдаги мевали - олма, ўрик, гилос, анор, анжир, шафтоли, нок каби дарахтларнинг пуштасига яна қайта ошкўкилардан тортиб помидор, бодринг, булғор қалампири, редиска, бақлажон, қизил лавлаги каби бир қатор рўзғорбоп экинлар экилади. Томорқанинг четларига экилган лола-ю,турли анвойи гуллар, райҳону жамбиллар онахоннинг таъбири билан айтиладиган “Томорқанинг қадрини қадрлаган билади, билмаган хато қилади”, деганлари нечоғлик ҳақиқат эканлигини англаб етади.

Қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи Зулфия Ҳамдамова ҳам қарийб Қ.Бозорова билан тенгдош. Ҳамдамоваларнинг томорқасига ҳам исмалоқдан тортиб барча қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. 3 сотихга яқин бўлган томорқадан ҳар йили икки-уч маротаба ҳосил олинади. Бу оила ҳам серфарзанд хонадонлардан бири бўлиши билан бир қаторда исмалоқ, ошкўки , саримсоқ пиёз, редиска ва пиёзни улгуржи бозорчиларга эрта баҳорда биринчилардан бўлиб етказиб беришади.

Бу хонадондан йилнинг ўн икки фаслида ҳам исмалоқ ва ошкўкилари топиш мумкин.

-Исмалоқ қишдан бир оз бўлсада толиқиб чиққан инсон организмини  витаминлар ва ҳаёт учун зарур бўлган моддалар билан таъминлаб, соғлиқ учун хавфли бўлган барча касалликлардан асрайди,- дейди Зулфия Ҳамдамова. - Шунингдек, исмалоқ шарбати ва ундан тайёрланган турли хил тансиқ таомлар инсонга камқонликда, ошқозон ости бези фаолиятини яхшилашда, ичакларнинг ҳаракатларини фаоллаштириш баробарида бир қатор хасталикларда даво бўлади.

“Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ернинг ҳар бир қаричини қадрлаб, ундан омилкорлик билан фойдаланаётган хонадонлар кўплаб топилади. Биргина З.Ҳамдамованинг 5 нафар фарзанди ҳам ўз оилаларига тегишли томорқаларидан унумли фойдаланиб дастурхонларининг тўкин-сочинлигини таъминлаб келишмоқда.

                            Дилором ЭСОНОВА,

                  O`zLiDeP  Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    626
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+