Бир учрашувда 6 муаммо ҳал этилди

09.01.2018, 16:58

Бир учрашувда 6 муаммо ҳал этилди

Вилоятимизнинг ҳар бир туманида, чекка-чекка ҳудудларида халқнинг ишончли вакили бўлган депутатлар партиянинг  дастури, мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда халқ билан мулоқот қилиш, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, шу билан бирга аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида доимий учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

Ана шундай учрашувлардан бири Хазорасп туманининг Боғлар ва Узукка қош маҳаллаларида O‘zLiDeP вилоят ва туман Кенгаши депутати Г.Матмуратова ташаббуси билан ўтказилди. Унда O‘zLiDeP вилоят ҳамда Хазорасп туман Кенгаши ходимлари, "Ҳазорасптумангаз" филиали раҳбари Х.Рўзметов, туман Электр тармоқлари корхонаси директор ўринбосари О.Болтаев, Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи О.Рўзметов, туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ходими Ш.Турдиев, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ҳудудда яшовчи фуқаролар иштирок этди.

Учрашувда 20 дан ортиқ муаммо ва масалалар кўтарилди. Жумладан, Қодиров Назарбой ака маҳалласининг катта йўл бўйида жойлашганига қарамай пиёдалар ўтиш йўлаги белгиланмагани сабаб фарзандларининг мактабга қатнашларида хавф туғдираётганини айтди. Ушбу муаммони бартараф этишни туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ходими Ш.Турдиев ўз зиммасига олди.

– Мен томорқамда деҳқончилик билан шуғулланаман, – деди Боғлар маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Хўжаниёзов. – Оқава сувнинг йўқлиги сабаб ердан яхши ҳосил ололмаяпман. Маҳалламизга оқава сувни келтиришни сўраб тегишли жойларга мурожаат этдик, аммо фойдаси бўлмади. Бугунги учрашувда Г.Матмуратова тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш орқали муаммомизни ҳал қилишда амалий ёрдам беришини бирдирди.  

Учрашувда Багандик Аминов, Дилдора ва Садоқат Искандарова, Сапаргул Жуманиёзова, Рўза Худаёрова ҳамда Дилнура Тоҳировалар  иш сўраб мурожаат этдилар. Садоқат ва Дилдора Искандаровалар шу ернинг ўзида маҳалладаги тикувчилик цехига ишга қабул қилинди. 

Учрашувда электр ва газ таъминотидаги узилишлар, кўмир етишмаслиги масалалари борасидаги муаммолар ҳам муҳокама этилди. 6 та муаммога шу ернинг ўзида ечим топилди. Қолган мурожаатлар депутатлик назоратига олинди.

 Нилуфар Джаббарова

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати котиби

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    438
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+