O‘zLiDeP депутатлари аҳоли томорқаларида экин экиш ҳолатини ўрганди

24.04.2020, 17:57

O‘zLiDeP депутатлари аҳоли томорқаларида  экин экиш ҳолатини ўрганди

Жаҳон экспертларининг айтишича, коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Кўпгина таҳлилчиларнинг фикрича, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкин. Шу боис бугун халқимизни етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифага айланди.

Албатта, ушбу жараёнларда фермер хўжаликлари билан бир қаторда томорқа ер эгаларининг ҳам ўрни бор. Муҳтарам Президентимиз шу йил 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда “Бизни ер боқади” дея таъкидлади ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашларининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Самарқандда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатини ўрганди.

Оқдарё туманидаги “Даҳбед” МФЙда яшовчи Мунаввар Усмонова ўқитувчиликдан нафақага чиқкач, томорқачиликни йўлга қўйди. Саккиз  сотих ер майдонининг бир сотихида иссиқхона ташкил этиб, помидор етиштирмоқда. Шу билан бирга, томорқасида картошка, бодринг ва турли кўкатлар экилган. Томорқачиликдан ташқари яна балиқчилик ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйган.

–Ота-боболаримиз паррандачилик – етти хазинанинг бири” дейишган. Мен бу нақлга ўз тажрибамдан келиб чиқиб, яна бир бор амин бўлдим. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб, дастлаб иссиқхона қурдик, кейин балиқчилик ва парраначиликни йўлга қўйдик. Шунинг орқасидан рўзғоримиз обод бўлиб, қўшимча даромад оляпмиз, – дейди М.Усмонова.

Шундан сўнг депутатлар тумандаги “Алишер Навоий” МФЙда яшовчи Фарҳод ака Ширинов ва Зубайдулла Зиёдовлар оиласида бўлишди. “Қовун қовундан ранг олади” деганларидек, икки қўшни бир биридан ўрганиб, 1,5 сотихли томорқаларида иссиқхона ташкил қилган. Фарҳод ака ўз иссиқхонасида бодринг, Зиёдулла ака эса помидор етиштирмоқда.

–Тан олиш керак, кейинги йилларда деҳқончиликка кўпчилигимиз аҳамият бермай қўйган эдик. Аксариятимиз енгил пул топиш йўлига ўтганимиз ҳам рост. Мен ўзим бир неча йил Россияда бориб ишлаб келдим. Совуқларда саломатлигимни йўқотдим. Бугунги кунда уйдан чиқмай томорқамда ишлаб, яхши даромад оляпман. Ҳозир ўзимга ўзим “нега аввал шу ишни қилмаган экаман?” деб савол бераман, – дейди З.Зиёдов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Н.Ризаев ва Ғ.Абдиевлар шу йил 14 апрелдан бошлаб, вилоятнинг Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур, Пайариқ, Самарқанд туманларида аҳоли томорқаларида баҳорги экин экиш ҳолатини ўрганиб келмоқда.

–Ўрганишлар давомида ердан бесамар фойдаланаётган юртдошларимизни ҳам учратдик, – дейди халқ вакили Ғайрат Абдиев. – Сотихлаб томорқаларга беда, маккажўхори экинларини экиб қўйиб, ернинг умрини беҳудага ўтказаётган томорқачиларимиз ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Уларга томорқаларига беда, маккажўхори ўрнига, помидор, картошка, бодринг, пиёз, сабзи каби сабзавотларни етиштириб, ердан самарали фойдаланса, рўзғорига қўшимча даромад келишини тушунтирдик. Томорқаларига экин экмаган айрим юртдошларимизга маҳалла ва “Томорқа хизмати” МЧЖ кўмагида уруғлар ва ниҳоллар етказиб берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Самарқанд вилоятида аҳоли томорқаларда баҳорги экин экиш ҳолатларини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1193
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+