Депутат: Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат

26.04.2020, 14:32

Депутат: Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат

Айни дамда томорқа майдонларидан юқори даромад олишга қаратилган тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилаётгани бежиз эмас. Боиси бутун дунёни қамраб олган пандемия шароити ҳар бир қарич ерда озиқ-овқат етиштиришни тақозо этмоқда. Бундай оғир шароитда эса бир кафт ердан ҳам самарали фойдаланишимиз жоиздир. 

Шукрки, тупроғимиз унумдор, иқлимимиз қулай. Тўғри, шўрланган, захланган жойлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу каби кичик муаммоларни ҳал этиш имкониятлари талайгина.  Яқинда республикамизнинг олис, чўл ҳудудларидан бири бўлган Конимех туманида бўлиб, аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўргандик.

Бугунги кунда туманда 15 та маҳалла фуқаролар йиғини, 8 минг 643 та хонадон бор. Аввалги ўрганишларимиз жараёнида фақат оддий халқнинг хонадонлари бўлиб, маҳалла етакчилариники қолиб кетар эди. Шу сабабли бу галги ўрганишларни “Шуртепа” МФЙ раиси Хожамберди Ибрагимовнинг хонадонидан бошладик.

Айни чоғда хонадонга тегишли 10 сотих ер бўлиб, бир қарич ҳам бўш жойни учратмайсиз. Бундан ташқари, маҳалла етакчиси хонадонида 15  та қуён ва яна шунча товуқ, 4 яшик асалари боқилмоқда. Асаларичилик, куёнчилик билан шуғулланаётганига атиги икки йил бўлган. Паррандачилик билан аввалдан шуғулланиб келаётган экан. Рўзғор учун картошка, пиёз, саримсоқ пиёз, помидор, узум ва ҳатто ёнғоқни ҳам томоқада етиштирилади.

Ўзаро мулоқотлар давомида ҳудудда сув масаласи қандай эканлиги билан қизиқдик. Маҳалла етакчиси экинлар айни ҳосилга кирган вақтда ёзнинг июль, август ойларида сув муаммо бўлиб қолишини айтди. Лекин бу муаммони ечимини топганини билдириб, экинзорнинг четига қазилган қудуқни кўрсатди.

Шундан сўнг маҳалла етакчиси Х.Ибрагимов ва туман бандликга кўмаклашиш маркази раҳбари М.Бахтжан билан биргаликда “Шуртепа” МФЙда яшовчи Юсуф Хайитов хонадонида бўлдик. Хонадонга киришимиз биланоқ, томорқа ўртасига барпо этилган иссиқхона эътиборимизни тортди. Иссиқхона помидор экилган бўлиб, айни дамда ҳосилга кирган.

Б.Ербаев хонадонида бўлганимизда эса бу ерда 10 қўтидан ортиқ асалари боқилаётганига гувоҳ бўлдик. Тадбиркордан асаларининг фойдаси ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, асаларичилик билан шуғулланаётганига уч  йил бўлган. Ўз фаолиятини тижорат банкидан беш миллион сўм кредит олиб бошлаган. Эътиборлиси, биринчи йилнинг ўзиданоқ кредитни тўлаган. Бу йил асаларичилик ортидан 16 млн сўм фойда олишни режалаштиряпти. Шу билан бирга 2 сотих ерда боғ яратиш ҳаракатида.  

Худди шу кўчадан яна бир неча хонадонга кирилди. Улардан бири Ж.Умирбаевнинг томорқаси. Хонадон эгаси билан суҳбатимиз томорқачилик ҳақида бўлди. Маълум бўлишича, Ж.Умирбаев сув йуқлиги сабабли томорқасига экин экмаган. Туман ишчи гуруҳи вакиллари келиб сув бўлмаса банкдан кредит олишда ёрдам беришларини айтишгач, 5 млн сўм миқдорида кредит олиб қудуқ қазимоқда.

Умуман олганда бугун туманда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, шўрхок жойларда ҳам дарахту экин ўстириб, мўъжиза яратаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Зеро, баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат. Унинг ҳар дақиқасидан самарали фойдаланиш лозим.

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси  

  • Кўрилди
    184
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+