Маслакдошлар аҳоли томорқаларига кўмаклашмоқда

28.04.2020, 12:32

Маслакдошлар аҳоли томорқаларига кўмаклашмоқда

“Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида 300 нафар O’zLiDeP аъзоси бўлиб, улар Нишон туманининг ўттизга яқин маҳалла ва қишлоқларида истиқомат қилишади. Айни кунларда туман аҳолиси ўртасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 14 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда ишлаш ҳажмини икки баробарга ошириш бўйича белгилаб берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан бир қатор тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Партия фаолларидан Анвар Аширов, Алишер Элмўминов, Шодиёр Холлиев, Дилфуза Ражабова ва Юлдуз Соатовалар  Нуристон қўрғончаси, Пахтазор, Жаложин, Меҳнатобод ва Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги деҳқон хўжаликлари ерлари  ва аҳоли томорқаларига баҳорги экин экиш ишлари билан батафсил танишиб, керакли маслаҳат ва кўмак бердилар.

- Туманимизда 18 минг 884 та томорқа ер эгалари ва 803 та деҳқон хўжаликлари мавжуд,-дейди жамият бошланғич партия ташкилоти раиси Шуҳрат Нормўминов. – Ҳозирга қадар депутатларимиз ва партиямиз фаолларидан ташкил этилган гуруҳ аъзолари деярли барча хонадонларда бўлишиб, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқотда бўлдилар. Камбағал оилалар, ёрдамга муҳтож ногирон ва кексаларга тадбиркор ва фермерларнинг ҳомийлиги асосида томорқа ерига ишлов беришда кўмаклашилиб, экиш учун уруғлик ва кўчатлар олиб берилди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган томорқа ерларини оқова сув билан таъминлаш учун артезиан қудуқлари қазиш, томорқачилар учун минерал ўғитлар дўконларини ишга тушириш, ерларнинг шўрини ювиш учун зовурларни яхшироқ тозалаш, томчилатиб суғориш ускуналари харид қилишга молиявий ёрдам бериш, илғор томорқачиларни рағбатлантириш ва  тажрибаларни оммалаштириш юзасидан туман ва вилоят ҳокимлигига хат билан чиқилди. Сабзавот ва полиз экиш учун ажратилган ерларга беда эккан деҳқон хўжаликлари раҳбарлари огоҳлантирилди. Туманимиз чўл ҳудудида жойлашганлиги учун одамларда ерларимизда сабзавот, хусусан, картошка, сабзи, карам маҳсулотлари етиштириб бўлмайди, деган фикр бор эди.  Аммо меҳнатсевар ва миришкор партиядошларимиз бўлган тажрибали деҳқонлар бу гаплар ёлғон эканлигини исботлашди. Бугун туманимизнинг ҳар бир маҳалласи ерларида бу маҳсулотлар етиштирилиб, аҳоли таъминланиб, ортиқчаси бозорларга олиб чиқилаяпти.

Шу билан бирга партия фаоллари туман ҳудудидаги бозорлар, супермаркетлар, дўконларда озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий тақчиллиги, нархларни оширилиши каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик устидан ўндан ортиқ  маротаба назорат тадбирлари ўтказдилар. Эпидемия даврида тарғиботлар фақатгина ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилиб, “uzlidep_koronavirusga_qarshi” хештеги билан челленджлар ташкил этилаётир. Пандемиядан сақланиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш мавзуидаги видеолар, ижтимоий тармоқларда ёритилмоқда. 

                    Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири.

Теглар
БПТ Томорқа
  • Кўрилди
    665
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+