O'zLiDeP депутатлари аҳоли томорқаларига полиз экинлари уруғлари ва кўчатларини етказиб беришмоқда

28.04.2020, 14:21

O'zLiDeP депутатлари аҳоли томорқаларига полиз экинлари уруғлари ва кўчатларини етказиб беришмоқда

Бугун аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Самарқанд шаҳридаги 3-Сўзангорон сайлов округи  24 та маҳаллани ўз ичига олган бўлиб, мазкур маҳаллаларда 8084 та хонадонда 15755 та оила истиқомат қилади. Гарчи шаҳар шароитида аҳоли томорқалари майдони нисбатан майда бўлсада, бугун ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш муҳим масалалардан бўлиб қолмоқда.

Ушбу талаблардан келиб чиқиб, мазкур округдан халқ депутатлари  Самарқанд вилоят  Кенгашига сайланган депутат  Азиз  Аҳроров аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш аҳволини ўрганди. Томорқа эгаларига амалий ёрдам бериш мақсадида 10 дан ортиқ маҳаллалардаги 100 га яқин хонадонларда бўлди.

Ўрганишлар давомида, 20 дан ортиқ хонадон эгаларининг томорқаларида рўзғор учун зарур бўлган картошка, бодринг, турли хил кўкат экинлари экилганлиги маълум бўлди. Бундай ҳолатлар  кўплаб хонадон эгаларига намуна қилиб кўрсатилди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида аксарият ҳонадонларда томорқа майдонлари ағдарилиб экин экишга шай қилиб қўйилганлигига гувоҳ бўлинди. Мулоқотлар чоғида, аксарият хонадон эгалари сабзавот экинлари, уруғлари ва кўчатларини етказиб беришда амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаатлардан келиб чиқиб депутат томонидан  “Давлатшоҳ Самарқандий”, “Сарбон”, “Абдураҳмон Жомий”, “Боғи Феруза”, “Хўжа Абду Дарун” ва “Садриддин Айний” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 20 та хонадон эгаларига 6000 дона помидор, бақлажон, булғор қалампири, 30 кг. картошка, шунингдек,  бодринг, сабзи, укроп ва кашнич уруғлари етказиб берилди.

“Давлатшоҳ Самарқандий” маҳалласида истиқомат қилувчи Бахтиёр Гадоевнинг томорқаси 6 сотихни ташкил этади. У ҳам картошка, помидор, бақлажон, булғор қалампири ва кўкат уруғларини етказиб беришда амалий ёрдам сўраган эди.

- Депутатимизга раҳмат – дейди Бахтиёр Гадоев. - Томорқамизга ишлов бериб, экин экишга шай қилиб қўйган эдик, бироқ уруғ ва кўчат олишга имкониятимиз бўлмай турган эди. Мурожаатимизни инобатга олиб бир кун ичида томорқамизга экиш учун 10 кг. картошка, 700 туп помидор, 200 туп бақлажон, 200 туп булғор қалампири, бодринг ва кўкат уруғларини етказиб берди.

Яна шундай фуқаролардан бири “Боғи Фируза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳаким Қамбаровдир. Унинг 2,5 сотих томорқаси бўлиб, ер ағдарилиб экин экишга шай қилиб қўйилган.  Мазкур ҳонадон эгасига ҳам рўзғор учун зарур бўлган помидор, бақлажон, булғор қалампири кўчатлари, картошка ҳамда кўкат уруғлари етказиб берилди.  

- Томорқа - беминнат даромад манбаи - дейди O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудир Қодир Шойимов, - Шу боисдан вилоятнинг барча туманларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш аҳволини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш бўйича партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари, илғор тадбиркорлар ва фермерлар ҳамда тажрибали томорқачилардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, мазкур ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир маҳаллада томорқадан самарали фойдаланиш аҳволи ўрганилмоқда. Уддабурон томорқачиларнинг тажрибалари оммалаштирилмоқда. Депутатларимиз ва партия электорати бўлган тадбиркорлар ва фермерлар томонидан ёрдамга муҳтож хонадон эгаларига амалий ёрдамлар бериб келинмоқда. 

Зеро, O'zLiDeP бугун аҳолининг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб, улар қўлига балиқ эмас қармоқ бериб, балиқ тутишни ўргатмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўлар эдик.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O'zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1046
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+