ЕОИИ билан ҳамкорлик O'zLIDeP сайловолди дастурида белгилаган мақсадларга қандай таъсир қилади?

29.04.2020, 18:08

ЕОИИ билан ҳамкорлик O'zLIDeP сайловолди дастурида белгилаган мақсадларга қандай таъсир қилади?

Евроосиё иқтисодий иттифоқи(ЕОИИ)нинг асосий мақсади этиб аъзо давлатларда саноат тармоқларини модернизациялаш, ўзаро кооперацияларни шакллантириш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва аҳолининг яшаш тарзини яхшилашда ҳамкорлик қилиш белгиланганидан келиб чиқиб, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг O'zLIDeP сайловолди дастурида белгилаган мақсадларига эҳтимолий ижобий ва салбий таъсирлари ҳақида сўз юритмоқчиман. Бир мақола доирасида дастурнинг барча жиҳатлари ва уларга ҳамкорликнинг эҳтимолий таъсирларини қамраб олиш имкони бўлмагани боис унинг айрим жиҳатларига тўхталсак.

Биринчидан, партия сайловолди дастурининг “Эркин ва рақобатбардош иқтисодиёт, деб номланган учинчи устувор йўналишини “Ўрта ва кичик бизнес, эркин тадбиркорлик” йўналишида инновацияларнинг бош манбаи, саноат ва фан, ишлаб чиқариш ва бозор ўртасидаги боғловчи бўғин – бу кичик бизнес эканлигидан келиб чиқиб, партия кичик инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини таклиф этган. Энг муҳим вазифа сифатида венчур корхоналар ва жамғармалар, “бизнес-фаришталар” – молиявий ва бошқа ресурсларни инновацион лойиҳаларга сарфловчи хусусий инвесторлар фаолияти, “стартаплар” учун шарт-шароитларни яратишдан иборатлиги белгиланиб, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантириш таклиф этилган.

Ҳамкорликка шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг асосий устунларидан бири бу – венчур фондларни ташкил этишдир. Ҳозирда Ўзбекистонда венчур фондлар босқичма-босқич ривожлантириб борилмоқда. Бироқ инновацион фаолиятни молиялаштиришдаги юқори риск мамлакатимизда ушбу молиялаштириш тизимининг тўлиқ йўлга қўйилишида асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистондаги инновацион ғояларнинг аъзо давлатлар ўртасида ўзаро венчур фондларни ташкил этиш имкониятларини тақдим этади ва мамлакатда мавжуд бўлган венчур фондларининг самарали йўлга қўйилишига имкон яратади.

Иккинчидан, партия сайловолди дастурининг “Саноатлаштириш ва янги технологиялар – иқтисодиёт рақобатдошлиги асоси” йўналишида саноатни инновацион асосда ташкиллаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий-технологик ҳамда инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар, ноу-хауларни ўзлаштириш, корхоналарда инновацияларнинг жорий қилиниши, технологиялар трансферини таъминлаш учун технополислар, технопарклар каби эркин иқтисодий ҳудудларни ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларининг яратилишига йўналтирилган қонунчиликни яратиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш каби таклифлар илгари сурилган.

Шу нуқтаи назардан, илмий-техник ва инновацион фаолиятнинг асосий инновацион инфратузилмаларининг ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг инновацион инфратузилмалари билан методологик ва норматив-ҳуқуқий асослари каби мезонларида мувофиқлаштирилишига имконият яратади. ЕОИИ аъзо давлатларининг тадбиркорлари ўртасида кооперация ва кластерларни шаклланиши мамлакатда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини оширишда салмоқли ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги аъзо давлатлардаги (масалан, Россия, Белорусь) кластерлар сиёсатини Ўзбекистонда татбиқ этилишига туртки бўлади. Шу сабаб, илмий тадқиқот фаолияти жадаллашади, хусусий секторни илмий-тадқиқот фаолиятини молиялаштиришдаги улуши ортади, инновацион маҳсулотлар кўлами кенгаяди. ЕОИИ аъзо мамлакатлари ўртасидаги саноат кооперациялари аъзо давлатлараро “технологиялар трансфери”ни жадал тарзда йўлга қўйилишига асос бўлади.

Учинчидан,партия сайловолди дастурининг “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш – барқарор ривожланиш гарови” йўналишида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини 4 баравар ошириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига камида 5 миллиард долларга етказиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача самарадорлигини ҳамда ишлаб чиқарувчилар даромадини 2-3 баробарга ошириш мақсади илгари сурилган.

Агар экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа ҳисобланишини инобатга олсак, бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ЕОИИ билан интеграциялашув қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизни ЕОИИ аъзо мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини берадики, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришимизга олиб келади.

Тўртинчидан,партия сайловолди дастурининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи устувор йўналишини “Тўлиқ бандлик ва барча учун муносиб иш ўрни” йўналишида бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро ишчи кучи бозорига босқичма-босқич кириб бориши, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, ўз уйи, оиласини ташлаб узоқ юртларда даромад топиш мақсадида ишлаётган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш, жамиятда уларга нисбатан билдирилаётган ҳар қандай салбий муносабат ва фикрларга қарши туриш ҳамда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган алоҳида “Меҳнат миграцияси тўғриси”да қонун қабул қилиш мақсади илгари сурилган.

Маълумки, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин 2-ўринни эгаллайди. Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси ўта муҳим масалалардан бири эканлигини, ҳозирда 2,5 миллионга яқин киши ишлаш учун чет элга чиқиб кетганлигини, ташқи мигрантларнинг асосий қисми Россия Федерацияси (90 фоиздан юқори) ва Қозоғистон Республикасига тўғри келишини ҳисобга олсак, ЕОИИ билан ҳамкорлик меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:

- мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;

- мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;

- меҳнат бозоридаги мувозанатни таъминлайди;

- патент тўловлари бекор қилиниши эвазига мигрантлар ойига миллионлаб АҚШ доллари миқдорида қўшимча даромад кўришлари мумкин.

Бироқ, ЕОИИ аъзо давлатларидан амалга ошириладиган айрим соҳалардаги юқори рақобатбардош технологиялар трансфери Ўзбекистонда ушбу соҳаларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот йўналишларининг (ҳозирда ривожланиш босқичини бошдан кечираётган соҳалар назарда тутилмоқда) таназзулга юз тутишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, ишчи кучининг ЕОИИ доирасидаги мобиллигини ошиши ёш олимларни, катта ёшдаги тажрибали олимларни ЕОИИ аъзо давлатларига кетиб қолиш эҳтимоли ва натижада республикамизни илм-фани соҳасидаги ривожланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиш мумкин. ЕОИИга аъзо давлатларнинг, хусусан Россия, Белорусь каби давлатларнинг ривожланган саноат тармоқлари Ўзбекистонда ривожланиш босқичига ўтаётган соҳалар (қурилиш, қишлоқ хўжалиги, агротехника ва бошқалар)нинг инновацион фаолиятига салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу билан бир қаторда, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот фаолияти билан банд бўлган қатламларнинг фаолиятини сусайтиради.

Мазкур ҳолат партия сайловолди дастурида илгари сурилган “илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, олий ўқув юртларида академик фан ва таълим жараёни интеграциясини чуқурлаштириш; ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш; фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси; технологиялар трансферини тижоратлаштириш; ишланмаларни патентлаш, лицензиялаш” каби мақсадларига эришишида қийинчиликлар туғдириши эҳтимоли ҳам мавжуд. Лекин ушбу интеграциялашув ва ҳамкорлик масаласи бизда ҳам менежментнинг замонавий инструментларини қўллаш орқали саноат ва ишлаб чиқаришда самарадорликни оширишга хизмат қилиши мумкин.

Шу ўринда O'zLIDeP ЕОИИ каби бошқа халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар билан амалий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишини, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш учун иш олиб борувчи сиёсий куч сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилишини, аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатлари ҳамда мамлакатимиз равнақига хизмат қилувчи қарорлар қабул қилинишига астойдил ҳаракат қилишини унутмаслик керак.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLIDeP фракцияси аъзоси,

иқтисод фанлари номзоди, доцент

  • Кўрилди
    728
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+