Биргаликда табиий офатдан жабр кўрганларга ҳаммадан ҳам кўпроқ далда бўлайлик!

02.05.2020, 09:09

Биргаликда табиий офатдан жабр кўрганларга ҳаммадан ҳам кўпроқ далда бўлайлик!

Шу кунларда тақдирнинг кутилмаган синовлари мард ва танти халқимиз иродасини қайта-қайта синовдан ўтказаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг учта Мурожаатномаси, қатор Фармон ва қарорлари билан ўз вақтида кўрилаётган жуда кенг кўламли, тиббий, ташкилий ва карантин чоралари халқимизни коронавирус балосидан сақлаш ва глобал пандемия келтириб чиқарган инқироз таъсирини мумкин қадар юмшатишга имкон бермоқда.

Шу билан бир пайтда табиатнинг ҳеч ким кутмаган синови  - Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларидаги табиий офат, кучли ёққан ёмғир натижасида Сирдарёдаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув сизиб чиқиши одамларни бесаранжом қилди.

Шукрки, ҳар икки ҳудудга хам шахсан Президентимиз, Ҳукуматимиз раҳбарлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, одамларга ишонч бағишлагани, далда бергани ортиқча тушкунлик, ваҳимага ўрин қолдирмади. Аксинча одамлар давлат ҳимоясида эканлигини тўла ҳис этди. Айни пайтда Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Вазиятни давлатимиз раҳбари шахсий назоратга олган.

Сув тошқини ҳудудидан вақтинча уй жойини ташлаб чиққан инсонларга уйларидан вақтинчалик бошпана бериб, ўз яқинларидек кутиб олган меҳмондўст Сирдарё ва Жиззах вилоятининг, бағрикенг ва танти инсонларига ҳам тасаннолар айтамиз.

Дарҳақиқат, табиат инжиқлиги туфайли юзага келган кўнгилсизлик туфайли жабр кўрганларга муҳтарам Президентимиз ёнида туриб, кўмак бериш юксак инсонийлик ва саховатпешалик намунасидир.

Муборак ойда савобли ишга қўл уриш, қийин шароитда қолган яқинларини, ҳамюртларини қўллаб-қувватлаш, дардига шерик бўлиш эса халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилат ҳисобланади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Бухоро ва Сирдарёда содир бўлган воқеани эшитган заҳотиёқ, Партия ва Кенгашнинг марказий аппаратидан тортиб, ҳудудий ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлари кўнгилли равишда бир ёқадан бош чиқариб, икки кунлик иш ҳақларини ва ҳомийлик саховат ёрдам маблағларини тезкорлик билан табиий офатдан зиён кўрганларга ажратиб, хайрли ишга баҳоли қудрат биринчилардан бўлиб ҳисса қўшишга ошиқишди.

Сафимизда саховатпеша инсонлар талайгина: депутатлар, тадбиркорлар, фермерлар, ишбилармон кишилар Бухоро ва Сирдарёлик ҳамюртларимизга Давлатимиз, Ҳукуматимиз ёнида туриб, ҳаммадан ҳам кўпроқ далда бўлишларига ишончимиз комил. Имкон қадар улардан ёрдамларини аямасликларига ишонамиз.

 Зеро, карантин пайтидаги мураккаб вазиятда кўпчилик тадбиркорларимиз минглаб оилаларни оталиққа олганлиги ёки бўлмаса “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига беғараз маблағлар йўналтирганини кўриб, бу ҳақда шундай  ишонч билан гапира оламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча тадбиркор, ишбилармон кишилар ва фермерларни, сафимиздаги саховатпеша инсонларни табиат офатларидан жабр кўрган инсонларга беминнат ёрдам беришга, хайрли ишда янада фаолроқ бўлишга чақирамиз. Азизлар, муборак кунларда яхшилик қилишга шошилайлик. Зеро, яхшиликнинг мукофоти – яхшиликдир.

Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қӯмитаси раиси, партиянинг

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1004
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+