Навоийда O'zLiDeP депутати тозалик посбонларига саховат кўрсатди

02.05.2020, 14:45

Навоийда O'zLiDeP депутати тозалик посбонларига саховат кўрсатди

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари COVID-19 пандемиясидан жабр кўрган аҳолига, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни етказиш билан шуғулланмоқда.

Ушбу ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига мутахассислар, волонтёрлар жалб этилган бўлиб, шу кунларда уларнинг қўли-қўлига тегмайди.

Шундай долзарб бир пайтда бундай фидойиларнинг хизматларига алоҳида эътибор кўрсатилиши ўзларининг ҳам хаёлларига келмагандир балки.

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашига O'zLiDePдан сайлнган депутат Сардор Ғаффоров вилоятда ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига анвойи гуллар билан кириб борганида, марказда фаолият кўрсатаётган мутахассислар, айниқса, хотин-қизлар ҳаяжонларини яшира олмади. Депутатнинг эътиборидан чинакамига тўлқинланиб, чарчоқларини ҳам унутишди.

Депутат уларнинг ҳар бирларига гулдасталар тақдим эта туриб, халқ учун қилаётган беқиёс хизматларини эътироф этди ва бутун миллат номидан миннатдорлик билдирди.

Шу куни ўз ноодатий хайриясини давом эттирган ёш ва салоҳиятли депутат Навоий шаҳрининг орасталигини таъминлаётган тозалик посбонларини ҳам кутилмаган бир пайтдаги эътибор билан хурсанд қилди.

Маълумки, Навоий шаҳри Республикамиздаги энг тоза ҳудуд сифатида эътироф этилади. Шаҳар озодалиги Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилади, албатта.



“Абдуқодир орзуси” экспорт-импорт компанияси раҳбари Сардор Ғаффоров “Саховат қутилари”ни халқ вакили сифатида куннинг совуғию, иссиғида, айниқса, ҳозирги пандемия даврида ҳам шаҳар тозалиги учун тинмай меҳнат қилаётган ободонлаштириш маликаларига тақдим этди. Эҳтиромдан бошлари кўкка етган фаррошлар ва гул экувчиларнинг кўнглини ким ҳам эслабди, дейсиз шундай синовли паллада.

Яхшиликнинг чегараси йўқ. Сардорбекнинг кейинги йўқлови оилавий ётоқхонада истиқомат қилувчи оилалар бўлди. Оилавий ётоқхонада яшаган киши борки, албатта, унинг бир ташвиши бор. Кўнглида зарра миқдорича кемтиги бор юртдошларимизнинг давлатимиз бағрикенглиги, меҳр-мурувватини дилдан ҳис этишлари учун мана шундай эътиборнинг ўзи етарли.

Ётоқхонада яшовчиларга улашилган 10 турдаги озиқ-овқат жамланмалари бу ердаги оилаларнинг бир ойлик егулигини кўтаради.

– Меҳрга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш бир яхшиликдир, – дейди халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Сардор Ғаффоров. – Бугун қайси ҳамшаҳримни йўқламайлик, қай хонадонга кириб бормайлик, уларнинг кўзларидаги қувончни, мамнунликни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Айниқса, билдирилган шукроналар, қилинган дуолар руҳимга бир тетиклик беради.

Дарҳақиқат, жонкуярлик билан бир инсоннинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, кўнгилларга ёруғлик улашиш, эл дардида яшаш улкан бир саодатдир аслида.

  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+