Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизими қонунчиликда акс этмоқда

04.05.2020, 21:35

Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш  тизими қонунчиликда акс этмоқда

Президентимизнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳамда Давлат дастурининг 44-бандида мамлакатимизда амал қилиб келаётган ва аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган прописка тизимини ислоҳ қилиш вазифаси белгиланган эди. Орадан қисқа вақт ўтиб, давлатимиз раҳбари “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур фармон билан кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш юзасидан ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди.  

Мазкур қонун ушбу соҳада самарали ва тўғридан тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш билан изоҳланади.

Қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар назарда тутилмоқда. Жумладан;

– “прописка” сўзи фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғланган”, “эркинликни чекловчи” деган тушунчаларни келтириб чиқараётганлиги ҳамда ҳозирги кунда барча давлатлар ушбу атамадан воз кечилганлиги муносабати билан “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилади;

– фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилади;

– эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинади;

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишига  оид қоида бекор қилинади;

– илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар – доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келганида ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйҳатга олинади;

Шунингдек, давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.

Умуман олганда, қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш тартиб-таомиллари либераллаштирилади ҳамда фуқароларни эркин кўчиб юриш соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланади.

                                                                                Тўлқин КАРИМОВ,

                              Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

                              Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    789
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+