Депутат: Синовли кунларда халқимиз яна жипслашди

04.05.2020, 21:37

Депутат: Синовли кунларда халқимиз яна  жипслашди

Саховатпеша, мурувватли халқимиз бор. Айниқса, юрт бошига синов келган бугунгидек кунларда кўмакка муҳтож кишини кўрса дарҳол ёрдамга ошиқадиган юртдошларимиз кўп. Зеро, халқимизнинг яна нурли манзилларга чиқиб олиши бугун ҳар биримизнинг қилаётган амалий ишларимизга, меҳр-оқибатимизга боғлиқ.

Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйилиши биланоқ бутун халқимиз имкониятидан келиб чиқиб саховат ишларини амалга оширишга астойдил бел боғлади. Вақтинча ишсиз ва кунлик даромад асосида яшаб келган фуқароларни аниқлаб, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга даромад топишига ва бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашди.

Бу ҳақда гапирганда Навоий вилоятининг  Томди  ва  Конимех туманларида  олиб  борилаётган  ишларни алоҳида таъкидлашни истардим. Боиси Томди  тумани  вилоят  марказидан анча узоқда жойлашган. Устига-устак ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналари ҳам деярли мавжуд эмас. Туман ҳудуди асосан тошлоқ ва қум барханларидан ташкил топган.

Айни дамда ҳудудда 339 нафар эҳтиёжманд оила бўлиб, уларни шу ерлик фермер ва тадбиркорлар оталиқга  олган. Ҳозирга  қадар 184  нафар фуқароларга 108 млн сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, “Керегета уяси Амин” фермер хўжалиги раҳбари Ж.Аденов 40 та  оилага бир  тонна  ун,  40 кг ёғ ва яна шунча  миқдорда макарон маҳсулотлари, “Бекзат  Ерасил” фермер хўжалиги раҳбари А.Оспанов 20 та оилага бир тонна ун, “Мейримхан” фермер хўжалиги раҳбари Т.Тасқинбаев эса кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга 100  кг гўшт тарқатди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, “Томди қурилиш” хусусий корхонаси 4, “Досмуратов Донас” фермер хўжалиги 3, “Агро-2020” МЧЖ  3, “Рис-Даулет” фермер хўжалиги 3, “Мейримхан” фермер хўжалиги 5 ва  “Шимолий платина” МЧЖлари 5 та оилани оталиқга  олганлар.

Тўғри, эҳтиёжманд  оилаларни  оталиқга  олиш  билан ҳамма  иш  изига  тушиб  кетмайди. Шу боисдан туман аҳоли  бандлигига кўмаклашиш  маркази тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган қисқа вақт мобайнида қарийб 500 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилди.  

Яна шуни ҳам айтиш ўринлики, бугун туман ҳокими ери экин учун жуда ҳам қулай бўлган Навбаҳор туманидан (Томди билан Навбаҳор тумани оралиғи 300 км) 100 гектар ер  олиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш ишларини бошлаб  юборган.

Умуман олганда, бугун туманда ёлғиз яшайдиган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни рўйхати шакллантирилиб, уларга доимий равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Қисқаси, Томдида  осуда ҳаёт давом этмоқда. Зеро, синовли кунларда халқимиз яна жипслашди.

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис  Қонунчилик

палатаси  депутати,

O'zLiDeP  фракцияси  аъзоси

  • Кўрилди
    587
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+