O'zLiDeP фаоллари Фарғонада 99 ёшли уруш фахрийсининг хонадонида бўлди

07.05.2020, 12:30

O'zLiDeP фаоллари Фарғонада 99 ёшли уруш фахрийсининг хонадонида бўлди

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан O`zLiDeP Фарғона вилояти  Кенгаши жамоаси, депутатлар ҳамда партия фаоллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди.

Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Любовь Карташова 1921 йили туғилган. Бу онахоннинг ёшлиги айни уруш йиларига тўғри келди. Аёл боши билан эркаклар билан бир сафда юртимиз озодлиги йўлида мардонавор хизмат қилди. У уруш жанггоҳларида алоқа бўлимида фаолият юритди. Бугун яқинлари ардоғида 99 ёшини қарши олаётган жасорати ўрнак бўладиган онахонни партия фаоллари йўқлаб бордилар.

O`zLiDePдан сайланган Фарғона вилояти  Кенгаши депутати Ферузахон Мадалиева Л.Карташова билан суҳбатлашиб, меҳнат фахрийсини тиббий-кўрикдан ўтказди.

- Бугунгидек нурафшон кунларда яшаш бахтига мушарраф бўлишимизда жанг майдонларида мардларча олишган, юрт шаъни учун азиз жонларини таҳликага қўйган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда фронт орти меҳнаткашларининг хизматлари олдида бир умр таъзимдамиз, – дейди депутат Ф.Мадалиева.

Шунингдек, O`zLiDePдан сайланган Тошлоқ туман Кенгаши депутатлари Муҳторжон Мелибоев ва Акмалжон Шерматовлар тумандаги Иккинчи жахон уруши фахрийлари – Рустам ота Акбаров, Файзулло ота Эминов ҳамда Абар ота Турдалиевларнинг холларидан хабар олди.

Халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам айни кунларда мард ва жасур боболаримизнинг мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлиш билан бирга, уларни соғликларини назорат қилиш, кексалик даврларини шодумон ўтказишларига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Хусусан, туман Кенгаши депутати Неъматжон Султонов Учкўприк туманнинг Чек қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Т.Бўтаев хонадонида бўлиб, отахонни байрам билан табриклади.

O`zLiDeP Фарғона вилояти  Кенгаши томонидан барчамиз учун қадрли бўлган бу нуронийларимиз холларидан хабар олиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш каби хайрли ишлар давом этмоқда.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O`zLiDeP Фарғона вилояти 

Кенгаши матбуот котиби.

  • Кўрилди
    715
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+